ЙПХ ходимининг ниқобсиз юргани бўйича хизмат текшируви бошланди
Жамият
−
06 Апрель 2020
9966Жорий йилнинг 5 апрель куни ижтимоий тармоқларда соат 03:00да ЙПХ ходимлари тиббий ниқоб ва бош кийимсиз маст ҳолатда юргани ҳақида видео лавҳа тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан ЙҲХББ Матбуот хизмати маълумот берди.
Видео лавҳа юзасидан олиб борилган суриштирув ишларига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЙҲХБ ЙПХ катта инспектори А.Ажиниязов жорий йилнинг 31 март куни белгиланган тақсимот асосида Нукус шаҳри Аэропорти ва шимолий автовокзал йўналишида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида шу куни соат 22:00 дан 01 апрель куни соат 03:00 га қадар хизматга жалб этилган. Унга бириктирилган Lacetti русумли, давлат рақами 95 552 VSF хизмат автомашинасида хизматни якунлагандан сўнг қайтаётганда, карантин вақтида кўчада юрган фуқарога хизмат автомашинасида ўрнатилган махсус мослама овоз кучайтирувчи микрофон орқали уйига киришини ва карантин тартибига риоя қилишини сўраган. Шу вақтда, ушбу фуқаро А.Ажиниязовнинг таниши бўлиб чиқиб, у билан сўрашиш учун автомашинасидан бош кийимсиз ва тиббий ниқобсиз тушган.
А.Ажиниязов таниши фуқаро А.Абдуллаев билан сўрашиб, бир дақиқа гаплашиб туриб, унга уйига қайтиб дам олишини ва карантин вақтида мақсадсиз кўчада юриш мумкин эмаслигини тушунтириб, ўзининг хизмат автомашинасига миниб уйига қайтган.
Ушуб ҳолат воқеага алоқаси бўлмаган шахслар томонидан уяли телефон аппарати орқали видео тасвирга олиниб, “Кечаси соат 03:00да ЙПХ ходимлари маст ҳолатда юрибди, ўзларида тиббий ниқоб ва бош кийими йўқ” сарлавҳаси остида ижтимоий тармоқларга тарқатилган.
Текширув ишлари давомида, ЙПХ инспектори А.Ажиниязов шу куни хизматда бўлганлиги ва спиртли ичимликлар истеъмол қилмаганлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
LiveБарчаси