ЙПХ инспекторини урган ҳайдовчи қамоққа олинди
Жамият
−
20 Февраль 2020
8124Бухорода маст ҳолатда автомобиль бошқариб, йўл ҳаракати қоидасини бузган ва Йўл-патруль хизмати ходимини урган ҳайдовчи қамоққа олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
Жорий йилнинг 6 февраль куни соат 16:30 да Бухоро вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Йўл-патруль хизмати катта инспектори катта сержант Восил Валиевич Қурбонов тасдиқланган дислокацияга асосан Бухоро шаҳрида жойлашган “Марказий деҳқон бозори” ҳудудидан ўтган М-37 автомобиль йўлида хизмат олиб бораётган бўлган. Катта сержант Қурбонов хизматни ўташ жараёнида, Бухоро шаҳри Афросиёб кўчасидан Қизилқум кўчаси томон ҳаракатланиб келаётган, Бухоро туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган фуқаро Толиб Темирович Неъматов бошқарувидаги “Нива” русумли, 80 535 ЕВA давлат рақам белгили автомашинани дастлаб пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган пиёдаларга йўл бермасдан ҳаракатни давом эттирганлиги, шунингдек, Афросиёб ва Қизилқум кўчалари кесишмасидаги чорраҳадан светофорнинг қизил чироғига амал қилмай бурилиб олганлиги сабабли жезл таёқчаси билан тўхтатган.
Ҳайдовчи Толиб Неъматов автомашинани йўлнинг ўнг томон чеккасида тўхтатиб, автомашинадан тушиб қочишга ҳаракат қилган. Ҳайдовчини маст ҳолатда автомашинани бошқариб келаётганини гумон қилган инспектор Қурбонов унинг ортидан борган. Шу вақтда ҳайдовчи Неъматов қўл мушти билан катта сержант Қурбоновнинг юз ва кўз соҳасига бир маротаба уриб тан жароҳати етказган ва ҳодиса жойидан яширинишга уринган. Бироқ, шу ерда хизмат олиб бораётган йўл патрул хизмати ходимлари томонидан Толиб Неъматов воқеа жойида ушланган.
Катта сержант Восил Қурбонов тиббий кўрикдан ўтказилганда унда “Юзи ўнг қисми юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, ўнг кўз олмаси контузияси бош мия чайқалиши” билан кечувчи тан жароҳатлари мавжудлиги аниқланган.
Фуқаро Неъматов наркологик текширувдан ўтказилганда “Алкоголдан мастлик ҳолати”да эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан фуқаро Неъматов Толиб Темуровичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 219-моддаси тегишли қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаганилган.
Ҳозирда Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.