Йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни ўзбошимчалик билан сақлаш тақиқланмоқда

Жамият 3973
image

Ўзбекистонда ёввойи йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни махсус гувоҳномаларсиз сақлаш тақиқланади. Бу “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида белгиланмоқда. 

Қонун билан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ ёввойи йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган махсус гувоҳномаларсиз юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўзбошимчалик билан сақлаш тақиқланади. 

Шунингдек, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда Фанлар академияси билан келишган ҳолда ташкил этиладиган махсус питомникларда сақлаш, шунингдек юридик шахслар томонидан ёввойи йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни ҳайвонот боғлари, террариумлар, цирклар, океанарийлар, дельфинарийлар, табиий питомниклар, илмий ва ўқув мақсадлари учун илмий ва таълим ташкилотларида сақлаш фақатгина Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган гувоҳнома асосида амалга оширилиши белгиланади. 

Мазкур қонун лойиҳаси жорий йилнинг 29 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида биринчи ўқишда муҳокама қилинган. 

Қонун лойиҳаси юзасидан фракциянинг таклиф ва мулоҳазалари билдирилиб, биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланган.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 39
Рейтинг: 3.4
t
×