“Евроучлик” Эрон устидан БМТ санкцияларини қайта тикламоқчи

Олам

image

Эроннинг ядровий дастури атрофидаги давом этаётган можаролар фонида Германия, Франция ва Буюк Британия сўнгги ўн йиллик давомида тўхтатилган БМТ санкцияларини Теҳрон устидан қайта тиклаш механизмини ишга туширди. Бу ҳақда кеча, 28 август куни “евроучлик” (E3) томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашига юборилган хатга таяниб, “Reuters” хабар берди.

Беш бетлик ҳужжатда E3 мамлакатлари сўнгги олти йил давомида Эрон томонидан ядровий келишувнинг кўплаб марта бузилганини кўрсатиб ўтган. 2019 йилдан буён Теҳрон бутун ядровий инфратузилмасини модернизация қилган, жумладан, 60 фоизгача бойитилган 408 килограмм уран жамғарган. Ташқи ишлар вазирлари баёнотида қайд этилишича, бундай юқори даражадаги бойитиш тинч мақсадлар билан оқланмайди.

“Эрондаги ҳаракатлар унинг ядровий энергиясидан фақат тинч мақсадларда фойдаланишига мутлақо зид келади”, дейилади хатда.

Бундан ташқари, Эрон Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) инспекторлари билан ҳамкорликни шунчалик қийинлаштирганки, унинг ядровий дастурини мустақил текшириш имконсиз бўлиб қолган.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Германия, Франция ва Буюк Британиянинг Эронга қарши БМТ санкцияларини қайта тиклаш қарорини олқишлаган. Унинг айтишича, учта Европа давлати Теҳроннинг ядровий мажбуриятларни “жиддий равишда бажармаётганини” батафсил баён қилган. Шунингдек, Рубио АҚШнинг ҳамон Эронга нисбатан “ядровий муаммони тинч йўл билан ва узоқ муддатли ҳал этиш” мақсадида бевосита музокараларга тайёр эканини маълум қилган.

Эрон ҳукумати эса Германия, Франция ва Буюк Британия томонидан халқаро санкцияларни тиклаш ҳаракатларини кескин қоралаб, уларни “ноқонуний ва ачинарли” деб атаган. Уларнинг билдиришича, бу қадам дипломатик ечимга қарши қаратилган. Теҳрондаги ҳукуматнинг юқори мартабали вакили “Reuters”га берган интервьюсида Эрон ўзида жавоб чораларини қўллаш ҳуқуқини сақлаб қолишини, жумладан, МАГАТЭ билан ҳамкорликни қисқартиришни маълум қилган.

Маълумот учун, 2015 йилда Германия, Франция, Буюк Британия, АҚШ, Хитой ва Россия Эрон билан унинг ядровий қурол ишлаб чиқишини олдини олиш мақсадида келишув имзолаган. Бу битимга кўра, Эрон ядровий дастурига чекловлар қўйишга рози бўлиб, бунинг эвазига унга нисбатан санкциялар бекор қилиниши керак эди. 2018 йилда эса Дональд Трампнинг биринчи президентлик даврида АҚШ бу келишувдан бир томонлама чиқиб, Эрон устидан янги санкциялар жорий қилди.

Шундан сўнг Теҳрон аста-секин ўз зиммасига олган мажбуриятлардан воз кеча бошлади ва ядровий объектларида уранни бойитишни қайта йўлга қўйди. АҚШ расмийлари баҳосига кўра, Эрон келишувда белгиланган меъёрни тўрт баравар ошириб юборган. Теҳрон эса уранни ядровий қурол ишлаб чиқиш учун бойитаётганини инкор этмоқда.

Уч Европа давлати, шунингдек, Хитой ва Россия ядровий келишув иштирокчилари бўлиб қолмоқда. Улар жорий йилнинг август ойи охиригача, агар аввалроқ Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш бошланишидан олдин Эрон ва АҚШ ўртасида олиб борилган музокаралар қайта тикланмаса ёки аниқ натижа бермаса, БМТ санкцияларини “қайтариш механизми” асосида тиклаш билан таҳдид қилмоқда. Бу механизм БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ядровий битимни мустаҳкамловчи резолюцияси амал қилиш муддатидан қатъи назар, санкцияларни қайта тиклаш имконини беради.


Мақола муаллифи

Теглар

санкция Евроучлик E3

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг