Европанинг “Тилла бола”си аниқланди

Спорт 3014
image

Италиянинг “Tuttosport” газетаси Европанинг 21 ёшгача бўлган энг яхши футболчиси учун “Golden Boy” мукофоти ғолибини эълон қилди. Ушбу соврин “Барселона”нинг 18 ёшли ярим ҳимоячиси Педри Гонсальес Лопесга насиб этди.

Педри “Барселона” тарихида 2005 йилдан буён Лионель Мессидан сўнг, ушбу совринни қўлга киритган иккинчи футболчи бўлди.

Каталония клуби футболчиси “кўк-анорранглилар” сафидаги биринчи мавсумида Рональд Куманнинг асосий таркибидан муқим жой олди. Шунингдек, Луис Энрике мураббийлигидаги Испания терма жамоасида Евро-2020 ярим финалига қадар етиб борди. Август ойида эса Испания Олимпия терма жамоаси таркибида Токио Олимпиадасининг кумуш медалини қўлга киритди.

Педри ўтган мавсум давомида 73 ўйинда (“Барса”да 52 та ва Испания сафида 21 та) 5000 дақиқадан кўпроқ вақт майдонда ҳаракат қилди. Шу сабабли жорий мавсумда бир неча марта жароҳат олди.

Шунингдек, мукофотга номзодлар: Карим Адееми (“Зальцбург”), Жуд Беллингем (“Боруссия Дортмунд”), Эдуардо Камавинга (“Реал Мадрид”), Шарл де Кетеларе (“Брюгге”), Гави (“Барселона”), Браян Хил (“Тоттенҳем”), Раян Гравенберч (“Аякс”), Мейсон Гринвуд (“Манчестер Юнайтед”), Даниэль Малдини (“Милан”), Жамол Мусиала (“Бавария”), Нуну Мендеш (ПСЖ), Роберто Пикколи (“Аталанта”), Жереми Пино (“Вилярреал”), Жованни Рейна (“Боруссия Дортмунд2), Родриго Рейна (“Боруссия Дортмунд”), Родриго Сака (“Арсенал”), Флориан Вирц (“Байер”), Уилям Салиба (“Марсел”), Юрриен Тимбер (“Аякс”).

Маълумот учун, соврин жорий йилнинг 15 декабрь куни Туринда топширилади. “Барселона” ундан бир кун аввал Саудия Арабистонида “Бока Хуниорс”га қарши “Марадона кубоги” ўртоқлик ўйини ўтказади. Бироқ футболчининг жароҳати Италияга етиб бориш учун тўсқинлик қилмайди.

“Golden Boy” совринини ўтган йили Эрлинг Холанд, 2019 йилда Жоау Фелиш, 2018 йилда Маттиас Де Лихт ва 2017 йилда эса Килиан Мбаппе қўлга киритган эди.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 35
Рейтинг: 2.8
t
×