Европанинг катта қисмида сув тошқинлари кузатилмоқда. Камида 4 киши ҳалок бўлган
Олам
−
14 Сентябрь
3278Бир неча кун давом этган кучли ёғингарчиликдан сўнг бир қатор марказий ва шарқий Европа давлатларида дарёлар сатҳи кўтарилди. Руминиянинг шарқий қисмида кучли ёмғир сув тошқинига сабаб бўлиши оқибатида эса камида тўрт киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрга кўра, келгуси кунларда минтақанинг катта қисмида янада кўпроқ ёмғир ёғиши кутилмоқда. Шу сабабли, расмийлар Чехия, Польша, Словакия, Венгрия ва Германия жанубида ҳамда Австриянинг баъзи қисмларида аҳолини огоҳликка чақирмоқда.
Қайд этилишича, Чехия-Польша чегарасидаги баъзи шаҳарлар расмийлари эвакуация ишларини амалга оширган, чунки дарёлар огоҳлантирувчи чизиқ кўрсаткичидан кўтарилиб кетган. 2002 йилги сув тошқинида катта жабр кўрган Чехия пойтахти Прага эса сув тошқинига қарши тўсиқлар ўрнатган.
Руминияда сув тошқини саккиз округдаги 19 қишлоққа етиб борган. Руминия Бош вазири Марчел Чолаку Галац туманига кетаётган тўрт кишининг ўлик ҳолда топилганини маълум қилди.
Нашрнинг ёзишича, кўчалар лойқа сув, лой ва вайронагарчилик билан тўлиб кетган. Қутқарувчилар аҳолини хавфсиз жойга эвакуация қилган. Ҳудудда бир суткадан камроқ вақт ичида ҳар квадрат метрга 150 литрдан ортиқ ёмғир ёққани қайд этилган.
Польша жануби-ғарбидаги тарихий шаҳар Глухолази шаҳрида ўт ўчирувчилар юзлаб қум қопларини тошган дарё бўйига йиққан ва айрим аҳоли уйлардан эвакуация қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Африканинг одатда қурғоқчил бўлган тоғлари ва чўлларида, хусусан, Марокаш ва Жазоирда кучли ёмғир ёғиши оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлган эди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь