Европанинг 3 давлати Украина учун қуролларни ЕИ ташқарисидан сотиб олишга қарши чиқди
Олам
−
16 Февраль
5287Европа Иттифоқи доимий вакиллари йиғилишида кўпчилик давлатлар иттифоқ маблағларидан Украинага ёрдам бериш учун фавқулодда чора сифатида блокдан ташқарида ишлаб чиқарилган снарядларни сотиб олиш учун фойдаланиш қарорини қўллаб-қувватлади. Бироқ Франция, Греция ва Кипр бу ташаббусга тўсқинлик қилди. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Politico” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, юқоридаги давлатларнинг мазкур қарорни рад этишига Европа қурол ишлаб чиқарувчиларига маҳсулотларини кўпайтиришга буюртма бериш зарурати сабаб бўлган.
“Ўтган ойда юқори мартабали француз расмийси, агар иттифоқ март ойигача Украинага 1 миллион снаряд етказиб бериш мақсадига эришмаса, Париж Европа Иттифоқидан ташқарида қурол сотиб олишга рухсат беришини айтди”, дея таъкидлайди “Politico”.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен эса “Financial Times” газетасига берган интервьюсида Европа мудофаа саноатини ривожлантириш стратегиясининг асосий қисқа муддатли мақсади “Украинани қурол-яроғ билан таъминлашни давом эттириш” эканини билдирган.
Маълумот учун, кеча, 15 февраль куни Брюсселда НАТОга аъзо давлатлар Мудофаа вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Саммитнинг устувор мавзуларидан бири снарядлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўлиб, уларнинг бир қисми Украинага жўнатилади, иккинчиси эса Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатаётган иттифоқчи давлатларнинг захираларини тўлдиради.
14 февраль куни НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг 2024 йилда НАТОнинг 31 давлатидан 18 таси ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизидан кўпроғини мудофаа учун сарфлашини маълум қилди. Шундай қилиб, альянс 2014 йилда Уэльсда бўлиб ўтган НАТО саммити резолюциясида блокка аъзо ҳар бир давлатининг ҳарбий харажатларини 10 йил ичида, яъни 2024 йилга бориб ЯИМнинг 2 фоизига етказиш бўйича белгиланган мажбуриятни бажара олмади.
LiveБарчаси