Европа етакчилари Трампнинг режаси сабаб фавқулодда саммит ўтказди

Олам

image
Бошқа қиёфадаги АҚШ. Тарвузи қўлтиғидан тушган Европа. Мюнхенда нималар бўлди? north_east

Бошқа қиёфадаги АҚШ. Тарвузи қўлтиғидан тушган Европа. Мюнхенда нималар бўлди?

Европа етакчилари Парижда фавқулодда саммит ўтказиб, Трамп маъмуриятининг Европа иштирокисиз Москва билан музокаралар олиб бориш режаларига нисбатан нима қилиш кераклигини муҳокама қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди

Учрашув якунлари бўйича аниқ қарорлар эълон қилинмади, бироқ Европа Иттифоқи ва НАТО мудофаага кўпроқ сармоя киритиш ва Киевга ишончли хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш зарурлигини билдирди.

Музокараларда Франция, Буюк Британия, Германия, Италия, Испания, Дания, Польша, Нидерландия раҳбарлари, шунингдек, НАТО ва Европа Иттифоқи раҳбарлари иштирок этди.

“Тайёр ва иштиёқли. Бу менинг Париждаги бугунги учрашув ҳақидаги фикрим. Европа олдинга қадам ташлашни хоҳлайди ва бунга тайёр. Украина учун хавфсизлик кафолатларини таъминлашда етакчилик қилиш. Биз хавфсизлигимиз учун кўпроқ сармоя киритишга тайёрмиз. Тафсилотлар ҳали аниқланмаган, аммо мажбуриятлар аниқ”, деб ёзди НАТО Бош котиби Марк Рютте ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Париждаги учрашувни уюштирган Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам саммитдан кейин худди шу мавзуда гапирди. Унинг сўзларига кўра, европаликлар ҳозир ва келажакда мудофаага “яхшироқ, кўпроқ ва биргаликда” сармоя киритишлари керак.

“Бунинг учун европаликлар суверенитет, хавфсизлик ва рақобатбардошликни таъминлаш бўйича ўз дастурини амалга оширишни тезлаштирмоқчи. Иш Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам, мудофаамизни ривожлантириш ва сармоя киритиш бўйича ҳам Европа Комиссиясининг таклифлари асосида давом этади”, деди Макрон.

Шунингдек, у Париждаги музокаралардан сўнг АҚШ ва Украина Президентлари Доналд Трамп ва Владимир Зеленскийга қўнғироқ қилганини маълум қилди.

“Биз Украинада мустаҳкам ва барқарор тинчлик ўрнатилишига интиламиз. Бунинг учун Россия ўз агрессиясини тўхтатиши ва бу украиналиклар учун мустаҳкам ва ишончли хавфсизлик кафолатлари билан бирга бўлиши керак. Акс ҳолда, бу ўт очишни тўхтатиш Минск келишувлари каби якунланиши хавфи бор”, дея қўшимча қилди Франция раҳбари.

Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер эса Париждаги саммитдан сўнг келаси ҳафта АҚШ Президенти Дональд Трамп билан “узоқ муддатли тинчликнинг асосий элементлари”ни муҳокама қилиш учун АҚШга боришини айтди.

Стармер яқин кунларда Украина Президенти Владимир Зеленский билан ҳам гаплашишини билдирди ва бундан кейин Европа етакчилари яна бир учрашув ўтказиши кутилмоқда. У ҳар қандай тинчлик битими АҚШ томонидан кафолатланиши кераклигини таъкидлади. 

“АҚШ хавфсизлик кафолатлари Россияни Украинага яна ҳужум қилишдан қайтаришнинг ягона самарали усулидир”, деди Британия Бош вазири.

Стармер, шунингдек, агар давомий тинчлик келишувига эришилса, Британия қўшинларини Украинага жойлаштириш масаласини кўриб чиқишини яна бир бор таъкидлади.

“Financial Times” бир кун аввал ёзганидек, Париждаги учрашув чоғида Европанинг айрим етакчилари (биринчи навбатда, Германия, Польша ва Испания) Украинага тинчликпарвар кучларини юборишни истамасликларини маълум қилишган. Учрашувни тайёрлашда иштирок этган уч амалдордан иқтибос келтирган ҳолда газета, Франция унга эмас, балки жанговар тўқнашув чизиғи орқасида жойлашган “қўллаб-қувватловчи кучлар” яратишни муҳокама қилишни таклиф қилганини хабар қилди.

Испания Ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Албарес “ҳозирда ҳеч ким Украинага қўшин юбориш ҳақида ўйламаётгани”ни айтган. 

“Варшава ҳам Украинага қўшин юборишга тайёр эмас”, дея тасдиқлади Польша Бош вазири Дональд Туск.

Германия канцлери Олаф Шольц Украинага қўшин киритиш борасида эҳтиёткор бўлиб, бу борадаги мунозаралар эрта эканини айтди.

Елисей саройидаги музокаралардан сўнг журналистлар билан мулоқот қилган илк Европа етакчиси бўлган Шольц Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш зарурлигини яна бир бор таъкидлади.

“Тинчлик келишуви ҳақидаги гапларни олқишлаймиз, аммо бу дикта бўлиши мумкин эмаслиги бизга аён”, дейди Шольц.

Унинг айтишича, Германия мудофаага сармоя ётқизишни давом эттиради ва агар аъзолари ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизидан кўпроғини мудофаага сарфлашни режалаштирса, Европа Иттифоқи бюджет масалаларида янада мослашувчан бўлиши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Европа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг