Европа Сурияга бир неча млрд евролик ёрдам ажратмоқчи

Олам

image

Европа Иттифоқи ва унинг ҳамкорлари Суриядаги фуқаролик уруши оқибатларини юмшатиш ҳамда қўшни давлатларга ёрдам бериш учун қўшимча 5,8 миллиард евро ажратмоқда. Бу ҳақда кеча, 17 март куни Брюсселда бўлиб ўтган донор давлатлар конференцияси натижаларини шархлаган ЕИнинг Ўртаер денгизи масалалари бўйича комиссари Дубравка Шуйца маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 5,8 миллиард евродан 4,2 миллиард евро грант сифатида, 1,6 миллиард евро эса кредит шаклида ажратилади.

“ЕИ ва унинг ҳамкорлари Сурия ва қўшни давлатлар учун 5,8 миллиард евро ажратишни ваъда қилди. Бу Сурияни танқидий муҳим ўтиш даврида қўллаб-қувватлашга ёрдам беради ва жойлардаги жиддий эҳтиёжларни қондиришга хизмат қилади”, деб ёзади ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас ўзининг X саҳифасида.

Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва мамлакат ривожланиш вазири Свенья Шульце Сурия аҳолиси ва қўшни давлатлардаги суриялик қочқинларни қўллаб-қувватлаш учун 300 миллион евро ажратилишини эълон қилди. DPA агентлиги эслатишича, ўтган йилда Брюсселдаги донорлар конференциясида Германия 1 миллиард евродан ортиқ маблағ ажратишни ваъда қилган эди. Берлин ҳиссасининг кескин камайиши 2024 йил кузида Германияда ҳукумат коалициясининг парчаланиши билан боғлиқ.

Маълумот учун, бу донорлар конференцияси — 2024 йил декабрида Сурияда Башар Асад режими ағдарилгандан сўнг ўтказилган биринчи анжуман ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи Кенгаши Башар Асад режими қулагандан кейин “Европа Иттифоқининг Сурияда инклюзив сиёсий ўтишни қўллаб-қувватлаш ва унинг тез иқтисодий тикланиши, қайта қуриш ва барқарорлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари” доирасида Сурияга қарши санкцияларни юмшатишга қарор қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Европа ёрдам

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг