Европа суди эффекти: Андижон воқеаларидан кейин Россияга қочган Чупик Ўзбекистонга депорт қилинмайдиган бўлди
Жамият
−
02 Октябрь 2021
7482Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупикни Ўзбекистонга депортация қилишни тақиқлади. Шундан сўнг, Россия ҳукумати ҳибсда ушлаб турилган Чупикни қўйиб юборди. Бу ҳақда “Новая газета” нашри ҳуқуқ ҳимоячисининг ёрдамчиси Александр Кимга таяниб, маълум қилди.
Қайд этилишича, айни вақтда Чупик Ереванга (Арманистон) парвоз қилмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячисининг кейинги режалари номаълум. Унинг вакиллари Украина расмийларига Чупик ва унинг 84 ёшли, хаста онаси Любовь Коденсова учун бошпана сўраган, бироқ ҳозирча жавоб йўқ.
“Ўзбекистон Валентина Чупикка хорижга чиқиш паспорти берди. У бир соатча олдин Ереванга учган самолёт бортида. Улар [Россия ҳукумати] ортиқ уни ушлаб тура олмасди”, дейди Ким.
Таъкидланишича, Чупикнинг оғир касал онаси ҳали ҳам Москва яқинида қолмоқда.
“Биз унга хорижга чиқиш паспорти берилиши учун тактика ишлаб чиқамиз”, дейди Чупикнинг ёрдамчиси.
Эслатиб ўтамиз, Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) жорий йилнинг 25 сентябрь куни “Шереметьево” аэропортида “Тонг Жаҳони” муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази раҳбари Валентина Чупикни ҳибсга олганди. Ўша вақтда ҳуқуқ ҳимоячиси Арманистондан қайтаётган эди. Чупикнинг тахминига кўра, унинг ҳибсга олинишига Россия Ички ишлар вазирлигини коррупцияда айблаб, танқид қилгани сабаб бўлган.
Ҳуқуқ ҳимоячиси ҳибсга олинганидан сўнг, Россияга киришига 30 йиллик тақиқ қўйилиши билан бирга, уни Ўзбекистонга депортация қилиш жараёни бошланган эди. Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, у Ўзбекистондан қийноқлар туфайли қочган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ҳам Чупинки ватанида қийноқлар кутиб турган бўлиши мумкин, деган хавотир билан унинг депорт қилинишига тақиқ қўйди.
Маълумот ўрнида, Валентина Чупик 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистондан Россияга кўчиб ўтган. 2009 йилда қочқин мақомини олган. Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, Андижонда намойишчилар отиб ташланганидан сўнг, Ўзбекистон махсус хизматлари уни ертўлада қийноққа солган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь