Европа Кенгаши Россияга қарши баёнот қабул қилди

Олам

image

Европа Кенгаши Россиянинг Украинадаги тинч аҳоли манзиллари ва инфратузилмаларига ёппасига зарба беришини кескин қоралади. Бу ҳақда ЕИ саммитининг бугун, 21 октябрь куни тарқатилган якуний баёнотида айтилади. 

“Европа Кенгаши Украинани унинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги масаласида тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдиради. Бу давлат ўзининг халқаро тан олинган чегаралари доирасида босиб олинган барча ҳудудларини озод қилиш ва тўлиқ назоратни тиклаш ҳуқуқига эга”, дейилади баёнотда. 

Европа Кенгаши Россиядан Украина ҳудудидан халқаро тан олинган чегаралар доирасидаги барча қўшинларини зудлик билан олиб чиқиб кетишни, шунингдек, мамлакатга қарши барча гибрид ҳужумларни тўхтатишни талаб қилган. 

“Украиналикларга қарши содир этилган ҳарбий жиноятлар, шунингдек, фуқаролик инфратузилмасини мунтазам равишда йўқ қилиш ҳаракатлари халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши ҳисобланади. Европа Иттифоқи Россияни жавобгарликка тортиш бўйича қатъий мажбуриятини, шунингдек, Халқаро жиноий суд прокурори томонидан олиб борилаётган терговларни қатъий қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлайди”, дейилади баёнотда. 

Европа Кенгаши, шунингдек, “тажовузкор можарога барҳам бериш” мақсадида Россияга коллектив босимни кучайтириш масаласини ҳам муҳокама қилди. 

Европа Иттифоқи Украинани зарур бўлган вақтгача, жумладан, сиёсий, ҳарбий ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда давом этади. 

Европа Кенгаши, жумладан, Украинага 3 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдамни ўз вақтида тақдим этишга чақирди. 

Европа Кенгаши озиқ-овқат хавфсизлиги мавзусига тўхталар экан, Россия Украинага қарши урушида озиқ-овқатдан қурол сифатида фойдаланаётганини ва глобал инқироз учун фақат жавобгар эканлигини маълум қилди. 

Европа Кенгаши, шунингдек, муҳим инфратузилмага, жумладан, “Шимолий оқим” газ қувурларига қарши саботаж ҳаракатларини кескин қоралади. 

“Европа Иттифоқи муҳим инфратузилмани йўқ қилишга уриниш ёки бошқа гибрид ҳаракатларга ягона ва қатъий жавоб беради”, дейилади ҳужжатда.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Европа кенгаши

Баҳолаганлар

637

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг