Европа Иттифоқи ТikTok устидан тергов бошлади
Олам
−
22 Февраль
3725Еврокомиссия ТikTok ўз платформасида янги қабул қилинган рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун доирасида кичик ёшдаги фойдаланувчиларни зарарли контентдан ҳимоя қилиш учун етарли даражада ҳаракат қилаётгани ёки йўқлигини аниқлаш учун тергов бошлади. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Айтилишича, ушбу процесс (Европа) комиссияси ТikTok'нинг айрим шубҳали функциялари, тизимлари ва юритаётган сиёсатини текширишини англатади. Бу тергов натижаларини олдиндан белгиламайди.
Комиссия Хитойнинг "ByteDance" компаниясига тегишли бўлган тармоқ фойдаланувчиларининг унга жойланадиган материалларга қарам бўлиб қолиш хавфини камайтириш ҳамда вояга етмаганларнинг шахсий ҳаёти ва дахлсизлигини таъминлаш мақсадида қўйиладиган талабларга қанчалик риоя қилинаётганини баҳолайди.
"ТikTok'нинг болаларнинг номақбул контентга киришига йўл қўймасликка қаратилган ёшни текшириш воситалари оқилона, мутаносиб ва самарали бўлмаслиги мумкин", дейилади Еврокомиссия пресс-релизида.
Тергов шунингдек, платформадаги рекламаларнинг қай даражада шаффофлиги ва тадқиқотчиларга платформанинг маълумотларига етарлича кириш ҳуқуқи берилганми ёки йўқлигини ҳам ўрганади.
Tармоқ вакили телеканалга "ўсмирларни ҳимоя қилиш ва 13 ёшгача бўлганларни платформадан узоқлаштириш учун кашшоф хусусиятлар ва созламаларга эга"лигини айтиб ўтган.
"Биз ёшларни ТикТок'да хавфсиз сақлаш учун мутахассислар ва саноат билан ишлашни давом эттирамиз ва энди комиссияга бу ишни батафсил тушунтириш имкониятига эга бўлишни кутамиз", дея қўшимча қилган матбуот котиби.
Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун (Digital Service Act, DSA) Европа Иттифоқида 17 февралда кучга кирди, ҳужжат барча онлайн платформалар учун амал қилади. TikTok`га эгалик қилувчи Хитойнинг ByteDance компанияси ижтимоий тармоқ DSA қоидаларини бузганликда айбдор деб топилса, глобал даромадининг 6 фоизигача жаримага тортилиши мумкин.
Маълумот учун, TikTok Европа Иттифоқида деярли 136 миллион ойлик фаол фойдаланувчиларга эга.
Отабоева Мадина