Европа Иттифоқи Россия нефтига чекланган нарх белгиламоқчи
Олам
−
02 Декабрь 2022
3078Бугун, 2 декабрь куни Европа Иттифоқи давлатлари Россия нефтининг минтақадаги бир баррелига 60 долларлик нарх чегарасини белгилаш бўйича келишиб олиши мумкин. Иттифоқ давлатлари Польшадан нархнинг 60 доллардан паст бўлишини талаб қилган жавобни кутмоқда. Бу ҳақда “Тhe Wall Street Journal” нашри хабар берди.
Газетанинг манбаларига кўра, Еврокомиссия Варшава розилигини олиш учун 1 декабрь куни нархлар чегарасини жорий этиш тўғрисидаги битимнинг янги матнини тақдим этган. Рус нефтига нарх чегараси Россия Федерацияси уни экспорт қилганидан камида 5 фоиз паст даражада ушлаб туриш учун январь ойидан бошлаб ҳар икки ойда бир марта нарх чегараси белгиланади. Шунингдек, Еврокомиссия Россияга қарши санкцияларнинг янги пакетини тайёрлашни тезлаштириш истагини ҳам билдирган.
Нашрниннг ёзишича, Европа расмийлари нархларнинг юқори чегараси келишиб олинишига ишончи комил. Бироқ улар G7 (Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония)даги ҳамкорларнинг нарх чегарасини ушбу ҳафта охиригача жорий қилиш учун етарлича вақт тополмаслигидан қўрқади.
Қайд этилишича, Европа Иттифоқи томонидан Россия нефтига нарх чегараси белгиланса, қарор G7 томонидан ёзма равишда тасдиқланиши керак. G7, Австралия Европа Иттифоқининг Россиядан денгиз нефтига нисбатан кечиктирилган эмбаргоси 5 декабрдан кучга киргунга қадар рус нефти нархини чеклашни истайди.
Жорий йилнинг 3 июнь куни ЕИ Кенгаши Россия Федерациясига қарши санкцияларнинг олтинчи пакетини, жумладан, Россиядан денгиз орқали нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб беришга чеклов жорий қилди. Россиянинг денгиз орқали нефть етказиб бериши тақиқланди. Ушбу чеклов декабрь ойининг бошигача амал қилиши керак эди. Умумий нефть маҳсулотлари экспорти саккиз ойга, яъни 2023 йилнинг февралигача тўхтатилган.