Европа Ғазо сектори бўйича ўз режасини ишлаб чиқмоқчи
Олам
−
14 Февраль 2992 2 дақиқа
Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Ғазо сектори бўйича АҚШ Президенти Дональд Трампнинг фаластинликларни кўчириш ташаббусига муқобил бўлиши мумкин бўлган режани ишлаб чиқишга киришди. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.
Нашрга кўра, Европа ушбу режа устида араб давлатлари билан ҳамкорликда иш олиб боради.
“Европа давлатлари араб давлатлари билан зудлик билан режа ишлаб чиқиш ва уни Дональд Трампга тақдим этиш устида ишламоқда”, дейилади хабарда.
Нашрнинг ёзишича, Америка етакчисининг таклифи Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва араб давлатлари сиёсатчиларида хавотир уйғотган. Аммо шу билан бирга, унинг ҳаракатлари Ғазо секторида шу пайтгача ноаниқ ва суст бўлиб келган хавфсизликни таъминлаш бўйича мунозараларга янги туртки бўлган.
Нашрнинг таъкидлашича, Европанинг тўртта давлати – Италия, Германия, Буюк Британия ва Франция Ташқи ишлар вазирлари яқин келажакда араб давлатлари вакиллари билан музокаралар ўтказиш ва улар билан Ғазо сектори тақдирини муҳокама қилиш ниятида.
“Учрашув 14 февралга белгиланган ва Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида бўлиб ўтади”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, АҚШ ҳам маслаҳатлашувларда иштирок этишни режалаштирмоқда. Бироқ Америка расмийларидан айнан ким вакиллик қилиши ҳозирча номаълумлигича қолган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Оқ уйда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни қабул қилар экан, АҚШ Президенти Вашингтон Ғазо сектори устидан назорат ўрнатишини ва “барча хавфли портламаган бомбалар ва бошқа қуролларни олиб ташлаш учун жавобгар бўлишини”, қирғоқ чизиғини “Яқин Шарқ Ривьраси”га айлантиришини айтганди.
“Биз уни ривожлантирамиз, минглаб иш ўринларини яратамиз. Бу бутун Яқин Шарқ фахрланиши мумкин бўлган нарса бўлади”, деб ваъда берди Трамп.
Шундан сўнг, Дональд Трамп Ғазо секторида яшовчи фаластинликларни кўчиришни таклиф қилди. Нетаньяху Трампнинг ташаббусини маъқуллаб, уни “инқилобий” деб атади.
Ўз навбатида, фаластинликлар, қатор араб давлатлари ва АҚШнинг Ғарб иттифоқчилари республикачини танқид қилиб, уни халқаро ҳуқуқни бузганликда айблади.
Танқидларга қарамай, 10 февраль куни Дональд Трамп Ғазо секторини сотиб олиш ниятини тасдиқлади.
“Уни қайта тиклашга келсак, биз уни Яқин Шарқдаги бошқа давлатларга беришимиз мумкин, улар ҳудудининг бир қисмини қуриши мумкин; бошқа одамлар буни бизнинг ҳомийлигимиз остида амалга ошириши мумкин”, дейди у.
Трамп, шунингдек, АҚШнинг иттифоқдошлари Иордания ва Миср, агар фаластинликларни Ғазо бўйича баҳсли режасини қабул қилишдан бош тортса, уларга ёрдам беришни “назарий” тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди.
Live
Барчаси