Европа бўйлаб сув тошқинлари давом этмоқда. 22 киши ҳалок бўлган (видео)
Олам
−
18 Сентябрь
3473Марказий Европага урилган кучли “Борис” тўфони Италияга ҳам етиб бормоқда. Шу сабабдан мамлакатнинг кўп қисмида кучли ёмғир, шамол ва сув тошқинлари ҳақида огоҳлантиришлар эълон қилинган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Италиянинг марказида жойлашган Пескара шаҳрида аллақачон сув тошқинлари бошланган. Мамлакат метеорология хизмати Эмилия-Романья шимолий қирғоқларидан узоқ жанубгача бўлган ҳудудни экстремал об-ҳаво шароитидан огоҳлантирган.
Италияда Миллий Фуқаро муҳофазаси хизмати ҳам 50 га яқин ҳудудда бўронлар, кўчкилар ва сув тошқинлари хавфи ҳақида огоҳлантирувчи сариқ огоҳлантириш эълон қилган.
BBC об-ҳаво прогнозларига кўра, Эмилия-Романья (Италия шимолида) ва Марке (мамлакатнинг марказий қисми) ҳудудлари энг заиф ҳисобланади. Яқин уч куннинг ўзида ҳудудда бир ёки икки ойлик ёғингарчилик бўлиши мумкин ва сув тошқини эҳтимоли ҳақида жиддий хавотирлар мавжуд.
Маълумот учун, тўфон оқибатида, шу ҳафта Польша, Чехия, Руминия ва Австриянинг айрим ҳудудларида сув тошқинлари вайронагарчиликлар келтириб чиқарган ва камида 21 киши ҳалок бўлган. Хорватия, Венгрия ва Словакия ҳукуматлари ҳам сув тошқини хавфидан огоҳлантирмоқда.
Польша жанубидаги аҳолига ёрдам бериш учун 5 мингдан ортиқ аскар сафарбар қилинган ва мамлакатнинг Ниса шаҳридан 40 мингга яқин одам хавфсиз ҳудудга кўчирилган. Мамлакат жануби-ғарбида жойлашган Глухолази шаҳрида дарё қирғоқларидан тошиб, кўприк қулаб тушган ва кўплаб кўчалар қалин лой билан қопланган. Польша полицияси камида олти киши ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Энг кўп зарар кўрган ҳудудлар Чехия-Польша чегараси сифатида қайд қилинган. Чехияда 15 минг киши хавфсиз жойга кўчирилган. Маҳаллий “Člověk v tísn” нодавлат ташкилоти маълумотларига кўра, бу Чехияда сўнгги 27 йил ичида кузатилган энг кучли сув тошқини бўлди. Мамлакатда энг кўп жабр кўрган шаҳарлардан бири Острава бўлиб, кеча, 17 сентябрь куни кучли ёмғирдан кейин Одра дарёси ўз қирғоқларидан тошиб кетган.
Европанинг бошқа давлатлари – Словакия ва Венгриядаги Дунай дарёсидаги сув сатҳи жадаллик билан кўтарилишда давом этмоқда. Мамлакатлар пойтахтлари Братислава ва Будапешт сув тошқинига тайёрланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша Бош вазири Дональд Туск мамлакат жанубидаги сув тошқинлари туфайли табиий офат режимини эълон қилган эди.