Еврокомиссия раҳбари Киевга борди
Олам
−
09 Май 2023
4761Бугун, 9 май куни Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Киевга борди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter'даги саҳифасида маълум қилди.
“Европа Иттифоқи учун муҳим қадриятлар ҳар куни ҳимоя қилинадиган Киевга қайтиб келганимдан хурсандман. Шунинг учун ҳам бу ер Европа кунини нишонлаш учун жуда тўғри келадиган жой. Мен Президент Зеленскийнинг 9 майни Украинада ҳам Европа куни сифатида нишонлаш қарорини олқишлайман”, деб ёзган у вагон ёнида тушган суратини жойлаб.
Маълум бўлишича, кеча, 8 май куни Зеленский 9 майни Европа куни сифатида нишонлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан ғалаба қозонилган кунни эса 8 майга кўчириш режалаштирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Еврокомиссия раҳбари Киевга 2022 йил бошидан бери бешинчи марта ташриф буюрмоқда, аммо олдинги барча ҳолатларда Европа Иттифоқи хавфсизлик масалаларини кўрсатиб, унинг Украинага келганидан кейингина ташрифлар ҳақида эълон қилган. Бу сафар эса Еврокомиссия 8 май куни бўлажак ташрифни эълон қилган.
Маълумот ўрнида, 9 май куни Европа Иттифоқида Европа куни сифатида нишонланади. Бу Франция Ташқи ишлар вазири Роберт Шуманнинг 1950 йил 9 майда Европа кўмир ва пўлат ҳамжамиятини яратиш тўғрисидаги декларациясини эълон қилиши билан боғлиқ. Ушбу ҳаракат Европа Иттифоқининг ҳозирги кўриниши пайдо бўлишига олиб келган Европа интеграцияси жараёнининг бошланиши ҳисобланади.