Еврокомиссия норозилик намойишларидан кейин фермерларга имтиёзлар бермоқчи
Олам
−
16 Март
2726Еврокомиссия Европа Иттифоқининг бир қатор мамлакатларида давом этаётган фермерларнинг норозиликлари сабабли уларга янги имтиёзларни таклиф қилди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Маълумотларга кўра, кичик фермер хўжаликларига нисбатан айрим назорат чоралари ва жарималарни бекор қилиш таклиф этилмоқда. Хусусан, алмашлаб экиш, тупроқни муҳофаза қилиш ва шудгорлаш амалиётига оид экологик қоидаларни юмшатиш тавсия этилади.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, бу имтиёзлардан асосий мақсад Европа Иттифоқи фермерлари учун маъмурий юкни енгиллаштириш ва уларга муайян экологик шароитларни қондиришда кўпроқ мослашувчанлик беришдир.
"Қишлоқ хўжалиги сиёсати ўзгарувчан воқеликка мослашмоқда", дейди фон дер Ляйен.
Еврокомиссия таклифлари ҳали Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан маъқулланмаган. Ташаббус 26 март куни Брюсселда бўлиб ўтадиган Европа давлатлари Қишлоқ хўжалиги вазирларининг йиғилишида муҳокама қилинади.
Европа Иттифоқида фермерлар норозиликлари
Охирги ойларда Европанинг кўплаб давлатларидан келган фермерлар катта йўлларни тўсиб, кенг кўламли намойишлар ўтказди. Ушбу норозиликлар бизнесга ўн миллионлаб евро зарар келтирди.
Фермерларнинг айтишича, эркин савдо шартномалари хориждан келаётган товарлар учун адолатсиз рақобатга олиб келади.
Бундан ташқари, европалик фермерлар ёқилғи субсидияларининг режалаштирилган қисқартирилиши, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашишга қаратилган Европа Яшил битими доирасидаги қаттиқ экологик қоидалар уларга катта юк бўлаётганини айтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь