Евро курси 20 йилда биринчи марта долларга нисбатан энг паст даражага тушди

Олам 12117
image
-

Европада газ таъминоти билан боғлиқ инқироз фонида ягона Европа валютаси долларга нисбатан деярли 20 йил ичидаги энг паст даражага тушди. Бугун, 5 сентябрь куни эрталаб бир евро 0,9881 АҚШ долларига тенг бўлди. Охирги марта евро 2002 йил охирида ундан ҳам пастроқ бўлган.

Европа Марказий банки (ЕМБ) 2 сентябрда базавий курсни 0,9993 доллар қилиб белгилади. Ягона Европа валютаси ўтган йил давомида аста-секин қадрсизланиб борди ва июнь ойида у кескин пасайиб кетди, июль ўрталарида доллар билан тенглашди. Мутахассислар буни Украинадаги уруш оқибатлари ва Россиядан табиий газнинг беқарор етказиб берилиши билан боғлашмоқда. Европалик истеъмолчилар энди импорт қилинадиган товарлар учун кўпроқ тўлашлари керак бўлади, Европа экспорти эса халқаро бозорларда янада жозибадор бўлади.

Европа Марказий банки аллақачон кредит ставкаларини оширган ва инфляцияни жиловлаш учун келгусида ҳам шундай йўналишда давом этмоқчи. Шу билан бирга, АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) ҳам шунга ўхшаш чораларни анча тезроқ амалга оширяпти, бу эса долларнинг мустаҳкамланишига ёрдам бермоқда. Доллар ва евро курси охирги марта 2002 йилда, нақд евро муомалага киритилгандан сўнг тенг бўлган.

Россиянинг “Газпром” компанияси 3 сентябрь куни “Портовая” компрессор станциясида мой сизиб чиққанини айтиб, “Шимолий оқим-1” орқали газ етказиб беришни тиклашдан бош тортди. Бунга жавобан Германиянинг Siemens Energy AG компанияси “Шимолий оқим” газ қувурини тўхтатиш учун ҳеч қандай техник сабаблар йўқлигини маълум қилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 384
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×