ЕТТБ Ўзбекистонга 200 млн доллар ажратиши мумкин
Жамият
−
16 Ноябрь
2208Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонга “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш учун 200 миллион АҚШ долларигача бўлган миқдорда кредит ажратиш имкониятини кўриб чиқади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 14 ноябрь куни вазирлик делегацияси Бакуда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP29) доирасида ЕТТБнинг иқлим дастурлари топ-менежерлари билан музокаралар ўтказган. Унда метан чиқиндиларини камайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.
Учрашув иштирокчилари, шунингдек, узоқ муддатли паст углеродли ривожланиш ва иқлимга чидамлилик соҳаларида қўшма ишларни кенгайтиришга келишиб олган. Декарбонизация ва яшил ўтишни рағбатлантириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган.
Меморандум доирасида “яшил” молиявий хизматларни жорий этиш бўйича махсус дастурни қўллаб-қувватлаш механизмларини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу мақсадлар учун 200 миллион долларгача маблағ ажратилади. Томонлар чиқинди ва оқава сувларни тозалаш саноати томонидан ишлаб чиқариладиган чиқиндиларни камайтиришга сармоя киритиш дастурини яратиш ниятида. Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши сув, озиқ-овқат ва энергия соҳаларида Nexus мамлакат платформасини амалга ошириш бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Нукус шаҳридаги 100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини молиялаштириш учун ACWA Power Wind Karatau компаниясига 19,3 миллион доллар кредит ажратгани ҳақида хабар берилганди.