Президент “Ёшлар: 1+1” дастурини маъқуллади. Ишсиз ва уюшмаган ёшлар ўқитилади

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумига ташриф буюриб, Ўзбекистонда биринчи бор ўтказилаётган ушбу анжуман билан барчани табриклади. Учрашувда Шавкат Мирзиёев “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ташкил этилишини маълум қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ташкил этилади. “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшни бириктириш ташаббуси кўплаб тадбиркорларимиз томонидан фаол қўллаб-қувватланди. 2021 йилда камида 500 минг нафар ёшни иш билан таъминлаши мумкин бўлган бу ҳаракатни Президент маъқуллади.

“Ҳунарли киши хор бўлмас”, дейди халқимиз. Аммо кейинги пайтда фарзандларимизнинг моҳир ҳунармандлар қўлида касб-ҳунар ўрганишига етарли эътибор берилмаяпти. Ваҳоланки, устоз кўрган ўғил-қизларимиз домласига муносиб бўлишга интилади, уларнинг кўмаги билан ҳаётда ўз ўрнини топади. Шу боис, ҳудудларда “устоз-шогирд” анъанасини кучайтирсак, ўйлайманки, нур устига нур бўлади. Бу ишга жалб этиладиган ҳунарманд усталарни Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан моддий рағбатлантириш тизими жорий этилади”, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент форумда эркин иқтисодий зоналар бўйича мавжуд тажриба асосида, ҳудудларда Ёшлар кичик саноат зоналари ташкил этилишини эълон қилган. Бу саноат зоналарида ўсиб келаётган авлод вакилларининг бизнес лойиҳалари жойлаштирилади.

Хабарга кўра, ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ва унга 100 миллион доллар маблағ ажратилади. Жамғарма ёшларнинг лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун қулай шартларда ва паст фоизларда молиялаштиради. Бундан ташқари, кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш бинолари қурилиб, ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

243

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг