Ерлан Карин Қозоғистон вице-президенти бўлди
Олам
−
14:16 853 2 дақиқа
Ерлан Карин Қозоғистон вице-президенти этиб тайинланди. Қурултой депутатлари ушбу лавозимга унинг номзодини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда “Nur.kz” хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 31 август куни Қурултойнинг ялпи мажлисида Президент Қосим-Жомарт Тўқаев вице-президентлик лавозимига Ерлан Карин номзодини таклиф қилган.
“Ерлан Каринни мамлакатда яхши танишади. У давлат бошқаруви тизимида узоқ йиллар ишлаган, кенг дунёқараш, бой тажрибага эга ва ҳақиқий патриот. У кенг кўламли ислоҳотларни амалий амалга оширишда иштирок этган, узоқ муддатли давлат стратегияси ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболлари ҳақида аниқ тасаввурга эга. Шу боис Ерлан Тинимбайўғли Каринни ушбу лавозимга муносиб деб биламан. Қурултойдан унинг номзодини қўллаб-қувватлашни сўрайман”, дейди Қосим-Жомарт Тўқаев Қурултой олдида сўзлаган нутқида.
Қурултой депутатлари ушбу таклифни маъқуллаган. 145 нафар депутатдан 141 нафари Ерлан Карин номзодини ёқлаб овоз берган. Овоз бериш процедурасидан сўнг Кариннинг ўзи сўзга чиққан.
“Охирги 5-7 йил ичида мамлакатимизнинг барча соҳаларида ижобий ўзгаришлар юз берди. Сиз айтганингиздек, Қосим-Жомарт Кемелўғли, Қозоғистон барқарорлашди, охирги 5 йилда сезиларли ўзгаришлар бўлди ва халқ буни ҳис қилмоқда. Ҳурматли Қосим-Жомарт Кемелўғли, сиз теш-тез айтадиган сўзлар бор: ҳар бир фуқаро учун Ватанга хизмат қилиш — бу катта бахт ва юксак шарафдир. Менинг чекимга ҳам ана шундай шараф тушди. Ишончингиз учун сизга миннатдорлик билдирмоқчиман. Қайси лавозимда бўлмайлик — ўз вазифаларимизни ҳалол бажаришга ва Ватанга хизмат қилишга, шунингдек, мамлакатимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилишга қасам ичаман!
Кейинги мақсад — конституциявий қадриятларни асраб-авайлаш ва уларни жамиятда амалга ошириш — биз учун бош вазифадир. Мамлакатимизда кечаётган ижобий ўзгаришлар Ватанимиз фаровонлигига қаратилган.
Ҳурматли Қурултой депутатлари, сизни мамлакатимиз фаровонлиги йўлидаги умумий мақсадларимизни биргаликда амалга оширишга чақираман”, дейди Ерлан Карин.
Кейинчалик Тўқаев Карин ва Бектеновни тайинлаш тўғрисидаги фармонларни имзолаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қосим-Жомарт Тўқаев Қурултойнинг ялпи мажлисида бош вазир лавозимида Олжас Бектеновни қолдиришни таклиф қилгани ва депутатлар таклиф этилган номзодни маъқуллагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси