Ердаги чучук сув кескин камайди ва қайта тикланмаяпти – тадқиқот
Бу қизиқ
−
29 Март
13430Мельбурн университети олимлари ва уларнинг ҳамкасблари қуруқлик ва ер остидаги чучук сув ҳажмининг сезиларли даражада камайганини аниқлади. Бу ҳақдаги тадқиқот “Science” журналида эълон қилинди.
Гидрология бўйича профессор Донгриоль Рю ва унинг ҳамкасби Ки-Вон томонидан олиб борилган изланишларига кўра, глобал исиш тупроқ, кўллар, дарёлар ва қор қопламидаги сув ҳажмини сезиларли даражада камайтирган бўлиб, бу қишлоқ хўжалиги ва денгиз сатҳининг кўтарилиши учун қайтариб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин.
Мазкур илмий ишга кўра, сўнгги 20 йил ичида Ер тупроғининг намлиги 2000 гигатоннадан ортиқ камайган. Бу 2002-2006 йилларда Гренландиядаги музликлар йўқотилишидан икки баравар кўп. Шу билан бирга, илгари ҳар ўн йилда бир марта кузатиладиган кучли қурғоқчиликлар тез-тез содир бўлиши, дунё океани сатҳининг кўтарилиши ва Ер қутбларининг силжиши ҳам кузатилган.
Донгриоль Рю ўз изланишларининг янада чуқурроқ муаммога ишора қилишини қайд этади – қурғоқчиликдан кейин кучли ёмғирлар оқибатида сув тошқинлари юзага келган тақдирда ҳам ер ости сув захиралари тикланмайди, чунки тупроқнинг эластиклиги пасайиб кетган. Унинг фикрича, бу сув захираларининг қайта тикланиши одамлар иқлим ўзгаришига қарши чора кўрадими ва сув ресурсларидан фойдаланиш ёндашувини тубдан ўзгартирадими – шунга боғлиқ.
Тадқиқот, шунингдек, Ер намлиги даражасининг ўзгариши сайёранинг айланишидаги майда тебранишларга сабаб бўлганини ҳам тасдиқлайди.
Потсдам университетининг гидрология ва маълумотлар фани профессори Луис Саманего, ушбу тадқиқот бўйича “Science” журналига шарҳ ёзар экан, Ер тебранишини сайёранинг электрокардиограммасига ўхшатган.
“Бундай натижанинг аниқланиши юрак аритмиясини аниқлашга ўхшайди. Уни эътиборсиз қолдириш – худди шифокор кўрсатмаларига риоя қилмаслик каби хавфли”, деди Саманего.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ агар музликларнинг ҳозирги эриш суръати сақланиб қолса, улар сайёранинг кўплаб минтақаларида XXI аср охиригача сақланиб қолмаслиги мумкинлиги хабар қилинган эди. БМТ маълумотига кўра, музликлар дунёдаги чучук сув захираларининг тахминан 70 фоизини ўзида жамлаган. Улар иқлим ўзгаришининг муҳим кўрсаткичи бўлиб, одатда барқарор иқлим шароитида эримайди. Аммо ҳозир инсон фаолияти туфайли юзага келган глобал исиш оқибатида уларнинг майдони мисли кўрилмаган тезликда қисқармоқда.
LiveБарчаси
Германия Озарбайжондан кечирим сўради.
01 Апрель