ЕОИИга аъзолик ҳам фойда бермаяпти. Қирғизистон мигрантлари учун Россияга нота юборди
Олам
−
18 Февраль 2022
11040Қирғизистон ҳукумати Россиядан Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо мамлакатлардан келган меҳнат муҳожирларини тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини осонлаштириш учун шарт-шароит яратишни сўради. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси мамлакатда тиббий кўрикдан ўтиш ва дактилоскопик маълумотларни қайд эттириш назарда тутилган янги миграция қоидалари кучга киргани ортидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига нота йўллаган.
“Қирғизистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига ЕОИИга аъзо давлатлар фуқаролари учун Россия Федерациясининг ваколатли муассасаларида тиббий кўрикдан ўтиш учун алоҳида йўлак очишга кўмаклашиш илтимоси билан нота юборилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги 2021 йилнинг декабрь ойида Россия қонунчилигига хорижий меҳнат муҳожирларининг мамлакатда бўлиш шартларини ўзгартиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилганини ҳам эслатиб ўтган.
“Россия Федерациясида чет эл фуқаролари, шу жумладан Қирғизистон Республикаси фуқароларининг тиббий кўрикдан ўтиши, шунингдек, бармоқ изини қайд этиш ҳамда суратга олишни назарда тутувчи янги миграция қоидалари жорий этилди”, дейилади вазирлик хабарида.
LiveБарчаси