Елизавета II нинг марҳум турмуш ўртоғи Филиппга бағишланган танга зарб қилинди

Олам 1657
image
-

Буюк Британияда Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг апрель ойида вафот этган турмуш ўртоғи, Эдинбург шаҳзодаси Филиппга бағишланган 5 фунтлик танга ишлаб чиқарилди. Танганинг дизайнини герцогнинг ўзи ҳаётлик чоғида тасдиқлаган. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.

Хабарга кўра, мамлакатда Қуролли Кучлар кунини нишонлаш доирасида шаҳзода Филиппнинг портрети туширилган танга чиқарилган. Унинг уч хил варианти мавжуд: олмос, кумуш ва олтин. 

“Шаҳзода Филиппнинг ҳарбий денгиз флоти қўмондони бўлгани ҳамда бизнинг монархимизга ва унинг қироллик бурчига бўлган садоқатини инобатга олиб, Қуролли Кучлар кунида танга тақдим этганимдан фахрланаман”, деган Буюк Британия Молия вазири Риши Сунак. 

Рассом Ян Ранк-Бродли томонидан яратилган танга қонуний тўлов воситаси, аммо у коллекция қилишга мўлжалланган. У чекланган бўлиб, муомалага киритилмайди. 

Ушбу эсдалик танга Буюк Британиянинг Қироллик зарбхонаси веб-сайтида, Британиянинг қироллик почталари бўлимларида ҳамда мамлакатдаги ва дунёдаги ихтисослаштирилган дўконларда мавжуд бўлади. Қироллик анъаналарига мувофиқ, эсдалик танга 5 фунт стерлингни ташкил этади. 

Шунингдек, Қироллик зарбхонаси Буюк Британияда ва бутун дунёда жамоат ишларини қўллаб-қувватлаш учун шаҳзода томонидан 1956 йилда таъсис этилган Эдинбург герцоги мукофотига 50 минг фунт стерлинг миқдорида хайрия маблағлари ажратади. 

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Қироличаси Елизавета II нинг эри, Эдинбург герцоги Филипп жорий йилнинг 9 апрель куни 99 ёшида вафот этганди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 27
Рейтинг: 3
t
×