Елизавета II Лиз Трассни Бош вазир этиб тайинлади
Олам
−
06 Сентябрь 2022
7406Буюк Британия қироличаси Елизавета II бугун, 6 сентябрь куни Балморал қасрида (Шотландия) Лиз Трассни Бош вазир этиб тайинлади ва унга янги ҳукумат тузишни топширди. Бу ҳақда “Sky News” хабар бермоқда.
Трасс қиролича Елизавета II томонидан тайинланган 15-Бош вазир бўлди. У Буюк Британия тарихида бу лавозимни эгаллаган учинчи аёлдир.
Қиролича қабулидан сўнг Трасс Даунинг кўчасидаги қароргоҳга боради, у ерда маҳаллий вақт билан тахминан соат 16:00 (Тошкент вақти билан соат 20:00) да Бош вазир сифатида биринчи марта нутқ қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, бугуннинг ўзида қиролича Елизавета Борис Жонсонни Бош вазир лавозимидан озод этди.
“The Guardian” нашрининг хабар беришича, Трасс ўз кабинетидаги асосий вазирликлар раҳбарлари лавозимларига номзодлар тўғрисида қарор қабул қилиб бўлган. Бош вазир хоним Жонсон ҳукуматида Европа ва Шимолий Америка ишлари вазири лавозимида ишлаган Жеймс Клеверлини Ташқи ишлар вазири этиб тайинлашни режалаштирмоқда. Янги Бош вазирнинг энг яқин иттифоқчиси, Жонсоннинг Бизнес, энергетика ва саноат стратегияси вазири Кваси Квартенгга Молия вазири лавозими берилиши мумкин. Бош прокурор Свелла Браверман Ички ишлар вазири бўлиши мумкин, Мудофаа вазири Бен Уоллес эса ўз лавозимини сақлаб қолиши тахмин қилиняпти.
Нашрнинг ёзишича, Бош вазирлик учун пойгадаги Трасснинг асосий рақиби, собиқ Молия вазири Риши Сунакга, раҳбарликка даъвогарларга Вазирлар Маҳкамасидаги лавозимларни таклиф қилиш анъанасига зид равишда, ҳукуматдан лавозим таклиф этилмайди.
Эслатиб ўтамиз, 5 сентябрь куни Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс ҳукмрон Консерватив партия етакчилиги учун курашда ғолиб чиқди.
47 ёшли Трасс номзоди учун Консерватив партиянинг 81 326 нафар оддий аъзоси овоз берди. Унинг рақиби, 42 ёшли собиқ Молия вазири Риши Сунак 60 399 нафар овоз олди.
Трасс Буюк Британиянинг 56-Бош вазири (ёки бу лавозимни бир неча марта эгаллаганларни ҳисобга олган ҳолда 78-ҳукумат раҳбари) ва қиролича Елизавета II давридаги 15-Бош вазирга айланди. У, шунингдек, Маргарет Тэтчер (1979 йилдан 1990 йилгача Вазирлар Маҳкамасига раҳбарлик қилган) ва Тереза Мэйдан (2016 йилдан 2019 йилгача) кейин Вазирлар Маҳкамасини бошқарган учинчи аёлга айланади.
LiveБарчаси