Ельциннинг куёви нега айнан Путин ҳокимият тепасига келганини айтиб берди

Олам 34658
image
-

Россиянинг биринчи Президенти Борис Ельцин ҳокимиятга барчасини тоза оқ қоғоздан бошлайдиган одам келишини хоҳларди. Бу ҳақда Ельциннинг куёви Алексей Дьяченко “Эхо Москвы” веб-сайтидаги блогида ёзган.

“Ельцин ўз ворисини ўтмишдаги хато, мажбурият ва шикоятлар юки билан боғлиқ бўлмаган йигит сифатида тасаввур қиларди. У барчасини тоза оқ қоғоздан бошлайдиган одам келишини хоҳларди ва Путин у излаган одам эди”, дея ёзади Дьяченко.

Унинг қайд этишича, Россиянинг собиқ Бош вазири Евгений Примаков Ельциннинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган. Бироқ, Примаковга ўша вақтда бир нечта сабаблар халақит берган.

“Биринчидан, у ўз манзилига айтилган танқидларга тоқат қилолмасди. Иккинчидан, Примаков президентлик маъмуриятига қарамасдан, ўз йўналишида қаттиққўл эди”, дейди Ельциннинг куёви.

Дьяченко Примаковнинг мамлакат Президенти бўлмаслигининг учинчи сабаби борлигини, бу унинг сиёсий хатти-ҳаракатлари билан боғлиқлигини қўшимча қилган.

Маълумот ўрнида, 1999 йилниг август ойида Россиянинг биринчи Президенти Борис Ельцин Владимир Путинни ўзининг вориси, деб эълон қилди. Путин ўша пайтда Россия Федерал хавфсизлик хизматига директор эди. 1999 йилнинг 31 декабрь куни Президент Ельцин Янги йил байрами табриги билан бирга ўзининг муддатидан аввал истеъфога чиқишини эълон қилди.

Путин эса янги аср ва янги йилнинг биринчи кунига дунёдаги энг йирик давлатга Президент вазифасини бажарувчи сиёсий фигура сифатида қадам қўйди. Шу-шу у ҳали ҳам “тахтда” мустаҳкам ўтирибди.

Қайд этиш керакки, ўша пайтда Ельцин олдида Путиндан бошқа вариантлар ҳам бўлган. Булар: мамлакат Бош вазири Евгений Примаков, Беларусь Президенти Александр Лукашенко, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш кенгаши раисининг ўринбосари марҳум Борис Немцов ва Анатолий Чубайс эди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1644
Рейтинг: 3
t
×