ЕИнинг санкциялар бўйича вакили огоҳлантириш билан Марказий Осиёга келди
Олам
−
28 Март 2023
17901Аввал хабар берганимиздек, Европа Иттифоқи Россияга савдо чекловларини четлаб ўтишда ёрдам берадиган давлатларига қарши санкциялар жорий қилишни кўриб чиқаётган эди. Бугун, 28 март куни Европа Иттифоқининг мазкур масалалари бўйича махсус вакили Девид O’Салливан Марказий Осиёга келди. Бу ҳақда “Interfax” хабар берди.
Қайд этилишича, O’Салливан Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги матбуот анжуманида Россияга қарши санкциялар фонида юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар ва хавфлар билан боғлиқ вазиятни тасвирлаб берган. У санкциялар Қирғизистон билан муносабатларнинг ёмонлашувига олиб келмаслиги кераклиги, ЕИ кузда бу масалани ҳал қилиш учун республикага миссия юбормоқчи эканини айтган.
Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи учун санкцияларга қўшилмаган давлатлар расмийлари билан алоқа каналларини йўлга қўйиш муҳим. Шу билан бирга, ЕИ ҳар бир давлатнинг ўзига хос иқтисодий ва сиёсий контексти борлигини тушунади.
“Биз биламизки, Қирғизистон Россия билан кучли ва кенг савдо-иқтисодий алоқаларга эга. Биз уларга зарар етказиш ниятимиз йўқ. Биз Европа Иттифоқи ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда яхшилаш устида ишламоқдамиз. Бу савдо бўйича аниқ маълумот олиш учун мулоқотни талаб қилади. Биз назорат қилувчи органлар салоҳиятини ошириш учун ёрдам кўрсатишга тайёрмиз. Улар санкциялар моҳиятини яхшироқ тушунишлари керак. Кузда бу мақсадда миссия юборишга тайёрмиз”, деган O’Салливан.
Европа Иттифоқининг махсус вакили 2022 йил охирида Европа Иттифоқидан Қирғизистонга товарлар экспорти ҳажми ошганини қўшимча қилган.
"Маҳсулотлар ҳаракатини таҳлил қилиш учун расмийлар билан мулоқот бошламоқчимиз. Агар маҳсулотлар Россияга кетса, тақиқ қўйишни хоҳлаймиз. Транзит масаласини ҳам муҳокама қилишни режалаштирганмиз. Қирғизистонга Россия орқали транзит билан катта миқдордаги товарлар жўнайди. Биз қирғизистонлик етказиб берувчилардан товарларни қабул қилиб олгани ҳақида кафолат олишни хоҳлаймиз. Биз аллақачон ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган юкларни транзит қилишни тақиқлаганмиз. Лекин мен тақиқни кенгайтиришни хоҳламайман. Яхшиси, транзитдаги товарлар белгиланган мамлакатга етиб боришига ишонч ҳосил қилиш керак”, дейди O’Салливан.
Маълумот учун, O’Салливан Ўзбекистон ва Қозоғистонга ҳам ташриф буюриши кутилмоқда.
LiveБарчаси