ЕИ Яқин Шарқдаги вазият бўйича режасини ишлаб чиқди
Олам
−
20 Январь
6712Европа Иттифоқи Исроил ва Фаластин ўртасидаги можарони ҳар томонлама ҳал этиш режасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда ЕИ ташқи сиёсат хизмати томонидан тайёрланган ҳужжат лойиҳасига таяниб, “Euractiv” портали хабар берди.
“Мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда ҳамда аниқ қийинчиликлар ва ноаниқликларга қарамай, Исроил-Фаластин ўртасида кенг қамровли тинчлик ўрнатишга тайёргарлик кўриш вақти келди”, дейилади ҳужжат лойиҳасининг кириш қисмида.
Қайд этилишича, 10 банддан иборат режа якунда Ғазо секторида тинчлик ўрнатиш, мустақил Фаластин давлатини яратиш, Исроил ва араб дунёси ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш ва минтақада узоқ муддатли хавфсизликни кафолатлаши мумкин бўлган бир қанча қадамларни кўрсатади.
ЕИнинг келажакдаги тинчлик йўл харитасининг асосий элементи Европа Иттифоқи, АҚШ, Миср, Иордания, Саудия Арабистони, Араб Лигаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ўз ичига олган “Тинчлик учун тайёргарлик конференцияси”дир. Тинчлик конференциясида барча манфаатдор томонларнинг фикр-мулоҳазалари, БМТ резолюциялари, Европа Кенгашининг хулосалари ва олдинги воситачилик ҳаракатлари инобатга олинган ҳолда тинчлик режаси асосларини ишлаб чиқиш учун бир йил керак бўлади.
Лойиҳа тузилгач, режа “можаро томонлари”га тақдим этилади ва якуний музокаралар учун асос сифатида фойдаланилади.
"Улар (можаро томонлари) якуний матнни музокара қилишлари керак", дейилади ҳужжатда.
22 январь куни Брюсселда бўлиб ўтадиган Ташқи ишлар вазирларининг учрашувида Яқин Шарқдаги можаро асосий мавзулардан бири бўлиши кутилмоқда. Ушбу учрашувда Европа Иттифоқининг 27 давлати Ташқи ишлар вазирлари Исроил ва Фаластиндан келган мавқедошлари билан музокаралар олиб боради.
Маълумот учун, 2023 йил 7 октябрдан бошланган ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги уруш бутун Яқин Шарқдаги вазиятни кескинлаштирди.
Эслатиб ўтамиз, 18 январь куни Тель-Авивдаги матбуот анжуманида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ маъмуриятига ҳар қандай шаклда Фаластин давлати ташкил этилишига қарши эканини етказганини айтганди. Кеча, 19 январь куни АҚШ Президенти Жо Байден эса Исроил Бош вазири билан телефон суҳбатидан сўнг, фаластинликлар учун мустақил давлат барпо этишга Биньямин Нетаньяху қарши эмаслигини айтди.