ЕИ Украина ҳарбийларини тайёрлашни кенгайтирмоқчи
Олам
−
20 Июль 2023
2717Европа Иттифоқи Ташқи сиёсат хизмати раҳбари Жосеп Боррель Украина Қуролли кучлари учун ҳарбий тайёргарлик дастурини сезиларли даражада кенгайтиришни таклиф қилади. Бу ҳақда бугун, 20 июль куни бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирларининг учрашуви учун тайёрланган таклифлар ўрин олган ҳужжатга таяниб, DPA агентлиги хабар берди.
Европа дипломатияси раҳбарининг таклифига кўра, муайян шароитларда ўқув тадбирларини босқичма-босқич Украинага ўтказиш имконияти кўриб чиқилиши мумкин. Бундан ташқари, Боррель Киевга қурол-яроғ ва техника етказиб бериш учун қўшимча миллиардлар ажратишни тавсия қилган.
Айтилишича, Украина Қуролли кучларини тайёрлаш бўйича жорий режалар Европа Иттифоқида 30 минг нафар украиналик ҳарбийни тайёрлашни назарда тутади. Бу мақсадга тез орада эришилади, чунки ҳозирда ўқув дастурини тугатган ва уни ўтаётган ҳарбий хизматчилар сони 25 мингга етган.
“Яқин келажакда таълимнинг янги миқдорий ва сифатли мақсадлари белгиланиши керак”, дейилади ҳужжатда.
Тахминларга кўра, агар сулҳга эришилса, Украина ҳарбийларини тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар Украинага ўтказилиши мумкин. Ўқув дастурини кенгайтириш ва кейинги қурол-яроғ етказиб беришдан ташқари, Боррель Украинани қурол ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга ишонтирмоқчи. Бундан ташқари, у разведка маълумотларининг узлуксиз алмашинуви ва миналардан тозалашда янада кўпроқ ёрдам ваъда қилиши мумкин.