ЕИ уч хонандага нисбатан тақиқ жорий қилди

Олам

image

Европа Иттифоқи 30 нафар россиялик жисмоний ва юридик шахсларга қарши санкциялар киритди. Улар орасида хонандалар Юлия Чичерина, Николай Расторгуев ва Олег Газманов ҳам бор. Бу ҳақда бугун, 6 октябрь куни тегишли қоидаларни чоп этган ЕИнинг расмий журналида айтилади. 

“Вазиятнинг оғирлигини ҳисобга олиб, Кенгаш Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи ёки таҳдид солувчи ҳаракатлар учун масъул бўлган 30 шахс ва етти ташкилотни чеклаш чоралари қўлланиладиган шахслар, ташкилотлар ва органлар рўйхатига киритиш керак, деб ҳисоблайди”, дейилади хабарда. 

Шундай қилиб, хонандалар Юлия Чичерина, Николай Расторгуев ва Олег Газманов, шунингдек “Факел” футбол клуби, “Авангард” хоккей клуби, “Иркут” авиация корпорацияси, “Дегтярев заводи” мудофаа заводи қора рўйхатга киритилган. 

Шунингдек, нефть етказиб бериш бўйича айрим истиснолар мавжуд. 

“Нархнинг юқори чегараси хом нефть ва айрим нефть маҳсулотларини денгиз орқали учинчи мамлакатларга ташишга, шунингдек, тегишли хизматларни кўрсатишга нисбатан қўлланилиши керак. Бу баъзи аъзо давлатларга ўзларининг алоҳида ҳолатлари туфайли ёки Россиядан хом нефтни қувурлар орқали етказиб бериш уларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра тўхтатилган тақдирда, Россиядан хом нефть ва нефть маҳсулотларини импорт қилишни давом эттиришга рухсат берувчи истисноларга тааллуқли эмас”, дейилади ҳужжатда.

 Европа Иттифоқи нархи белгиланганидан юқори бўлган Россия нефтини ташувчи учинчи давлат кемаларига техник хизмат кўрсатиш ва суғурта қилишни тақиқлайди. 

“Агар учинчи давлат байроғи остида сузувчи кема Россия Федерациясидан нархи белгиланганидан юқори бўлган хом нефть ёки нефть маҳсулотларини олиб кетаётган бўлса, унга техник хизмат кўрсатиш, воситачилик, молиялаштириш ва молиявий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан келажакдаги транспортда суғурта қилиш тақиқланади”, дейилган ЕИ журналида.

Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи Россия Федерацияси таркибига Украинанинг 4 вилояти ноқонуний қўшиб олиниши ортидан бугун, 6 октябрь куни Россияга қарши саккизинчи санкциялар пакетини жорий қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Санкция Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

224

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг