ЕИ Россияни қароридан қайтишга чақирди
Олам
−
30 Октябрь 2022
18274Россиянинг дон келишувидаги иштирокини бекор қилиш қарори Украинанинг дон ва ўғитлар учун асосий экспорт йўлини хавф остига қўяди, бу дунё Россиянинг қўшни давлатга қарши уруши оқибатида юзага келган глобал озиқ-овқат инқирозига қарши курашиш учун жуда зарур. Бу ҳақда бугун, 30 октябрь куни Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель маълум қилди.
“Европа Иттифоқи Россияни бу қарорини бекор қилишга чақиради”, дейди у.
Москванинг дон келишувидаги иштирокини тўхтатиш ҳақидаги қарорига нисбатан Украина Президенти Владимир Зеленский Россияни “Катта йигирматалик” (G20) дан чиқариб ташлаш кераклигини айтиб муносабат билдирди.
АҚШ Президенти Жо Байден эса Россиянинг дон битимидаги иштирокини тўхтатиш ҳақидаги қарорини ғазаблантирувчи деб атади.
Аввалроқ, Россия Мудофаа вазирлиги аннексия қилинган Севастополдаги Қора денгиз ҳарбий флотига уюштирилган ҳужум муносабати билан Украинадан озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишга мўлжалланган келишувдаги фаолиятини тўхтатишини маълум қилган эди.
Маълумот учун, 22 июль куни Истанбулда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокида Украина портларидан ғаллани хавфсиз ташиш бўйича келишув имзоланди. Ҳужжатни Украина, Россия, БМТ ва Туркия вакиллари имзолади. Дон шартномаси Украинанинг Одесса, Южний ва Черноморск портларини ўз ичига олади.
Шартнома муддати 19 ноябрда тугайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Туркия аввалроқ келишувни узайтиришга чақирган эди.
Октябрь ойида Қрим кўпригида портлаш бўлиши ортидан Россия Президенти Владимир Путин дон келишуви тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини айтганди. У портловчи ускуна дон йўлаги орқали Қримга олиб келингани тасдиқланса, шундай қилинишини айтди.
LiveБарчаси