ЕИ Россияга қарши санкцияларни ярим йилга узайтирди

Олам

image

Европа Иттифоқи Кенгаши 2014 йилда Украинадаги вазиятни беқарорлаштиргани учун Россияга нисбатан жорий қилинган ва 2022 йил февралида кенг кўламли уруш бошланганидан кейин сезиларли даражада кенгайтирилган иқтисодий санкцияларни яна олти ойга, 2024 йил 31 июлгача узайтирди. Бу ҳақда кеча, 29 январь куни ЕИ кенгаши сайтида эълон қилинган баёнотда айтилди.

Санкциялар кенг доирадаги соҳаларни қамраб олади ва савдо, молия, технология ва иккиламчи мақсадлардаги товарлар, саноат, транспорт ва ҳашаматли товарларга чекловларни ўз ичига олади. 

“Шунингдек, улар Россиядан Европа Иттифоқига нефть хомашёси ва айрим нефть маҳсулотларини денгиз импортини тақиқлайди, бир қатор Россия банкларини SWIFT тизимидан ажратади ва Европада Россия пропаганда ресурслари томонидан дезинформация тарқалишига тўсиқ яратади. Бундан ташқари, ЕИнинг Россия томонидан унга нисбатан жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишига қарши туриш қобилиятини кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилди”, дейилади ЕИ кенгаши матбуот баёнотида.

Январь ойи ўрталарида Европа Иттифоқи давлатлари Украинага қарши тажовузкор уруши учун Россияга қарши янги, 13-санкция пакетини муҳокама қила бошлагани маълум бўлди. Янги жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкциялар қўлланилиши кутилмоқда.

“Европа компаниялари орқали ҳам, учинчи мамлакатлардаги воситачилар орқали ҳам янги савдо чекловлари ва санкциялардан қочишга қарши қўшимча чора-тадбирларни жорий этиш режалаштирилмоқда”, деб хабар берди “Bloomberg”.

Агентлик маълумотларига кўра, Россия Федерациясига қарши янги санкциялар тўплами уруш бошланганининг икки йиллиги – 2024 йилнинг 24 февралига қадар қабул қилиниши режалаштирилган. Бироқ, буни амалга ошириш осон бўлмайди, чунки аввалги пакетни тасдиқлаш учун бир неча ҳафталик музокаралар керак бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Европа Иттифоқи санкция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг