ЕИ Россияга қарши 13-санкция пакетини маъқуллади. “Қора рўйхат”да КХДР вазири ҳам бор
Олам
−
23 Февраль
4899Европа Иттифоқи Россияга қарши 13-санкция пакетини маъқуллади. Унинг доирасида 106 жисмоний ва 88 юридик шахсга нисбатан чеклов чоралари киритилди. Бу ҳақда ЕИ Кенгаши маълум қилди.
Европа Иттифоқи Кенгашининг қарори тез орада ЕИнинг расмий журналида эълон қилинади, шундан сўнг у кучга киради. “Қора рўйхат”га тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг исм-шарифлари ҳам ана шу ҳужжатда очиқланади.
Россия Федерациясига қарши санкциялар тўплами Украинада уруш бошланганининг икки йиллигига тўғри келди.
“Кенгаш Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи ёки таҳдид солувчи ҳаракатлар учун жавобгар бўлган яна 106 нафар жисмоний ва 88 юридик шахсга нисбатан чеклов чораларини қўллашга қарор қилди”, дейилади баёнотда.
Умуман олганда, Европа Иттифоқи Кенгаши таъкидлаганидек, ЕИнинг Россия учун “қора рўйхати”га 2 мингдан ортиқ одам ва компаниялар киради. Барча шахсларнинг Ҳамжамият мамлакатлари ҳудудига кириши тақиқланади ва агар уларнинг активлари Европа Иттифоқида аниқланса, музлатилади.
13-санкция пакетининг бир қисми сифатида Европа Иттифоқи қуйидагиларни киритди:
- Россия мудофаа саноатини қўллаб-қувватлаётган Россия Федерацияси ва бошқа 7 давлатнинг 27 компаниясига нисбатан чеклов чоралари. Аниқлик киритилишича, улар Хитойнинг тўртта ва Қозоғистон, Ҳиндистон, Сербия, Таиланд, Шри-Ланка ва Туркиянинг биттадан компаниясига қарши жорий қилинган.
- Россия Федерациясига учувчисиз самолётлар ва электр трансформаторлари учун эҳтиёт қисмларни экспорт қилиш бўйича чекловлар.
- КХДР Мудофаа вазири Кан Сун Намга нисбатан шахсий санкциялар.
Чоралар Хитойнинг учта материк компаниясига (Гуанчжоу провинциясидан): Guangzhou Ausay Technology, Shenzhen Biguang Trading ва Yilufa Electronics Limited, шунингдек, Гонконгда жойлашган RG Solutions Limited компанияларига нисбатан ҳам кўрилди.
Уларнинг барчаси электрон маҳсулотлар ишлаб чиқаради:
- Guangzhou Ausay Technology босилган электрон платалар,
- Shenzhen Biguang Trading – кондансаторлар ва интеграл микросхемалар,
- Yilufa Electronics Limited – микросхемалар,
- RG Solutions Limited – электрон компьютерлар ва улар учун компонентлар ишлаб чиқаради.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Европа Иттифоқи мамлакатлари элчилари 21 февраль куни Россияга қарши санкцияларнинг 13-пакети бўйича келишиб олганди.
LiveБарчаси