ЕИ инсон ҳуқуқларини бузган икки вазирни санкция рўйхатига киритди
Олам
−
20 Февраль 2023
5611Европа Иттифоқи Эронга қарши санкцияларни ушбу мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилгани сабабли кенгайтириб, яна 32 жисмоний ва 2 юридик шахсни қора рўйхатга киритди. Бу ҳақда бугун, 20 февраль куни тегишли меъёрий ҳужжатлар эълон қилинган “Европа Иттифоқининг расмий журнали”да айтилади.
“Европа Иттифоқининг Эрон билан боғлиқ барча муаммоларни, жумладан, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни кўриб чиқиш мажбуриятига мувофиқ, чеклов чоралари қўлланиладиган жисмоний ва юридик шахслар, ташкилот ва органлар рўйхатига 32 жисмоний ва 2 шахс киритилиши керак”, дейилади унда.
Қора рўйхатга киритилган шахслар орасида расмийлар, хавфсизлик кучлари, суд ва жазони ўташ тизимлари ходимлари, жумладан Эрон Маданият ва исломий иродаси вазири Муҳаммад Меҳди Исмоилий ва Таълим вазири Юсуф Нурий ҳам бор. Исмоилий вазирлик даврида бир қатор эронлик журналист ва санъаткорларни “сохта айбловлар” билан ҳибсга олганликда ва сўз эркинлигини чекловчи фаолият билан шуғулланганликда айбланмоқда. Нурий кузги намойишлар чоғида талабаларнинг ҳибсга олинишига, шунингдек, улар махсус марказларга “қайта ўқитиш учун” юборилаётганига тўсқинлик қилмагани учун санкция рўйхатига киритилган. Шундай қилиб, ЕИга кўра, иккала вазир ҳам “Эронда инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши” учун жавобгардир.
Санкциялар рўйхатига кирган юридик шахслар полиция ва хавфсизлик кучларини молиялаштириш билан боғлиқ тузилмалардир.
Эслатиб ўтамиз, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен жорий йилнинг 15 февраль куни эълон қилганидек, Европа Иттифоқи 24 февралда Россияга қарши санкцияларнинг ўнинчи пакети доирасида Эронга қарши алоҳида санкциялар блокини жорий этиш ниятида. Унга, Европа Иттифоқи фикрича, Эроннинг Россияга ҳарбий таъминоти билан боғлиқ юридик ва жисмоний шахслар киради.
LiveБарчаси