ЕИ давлатлари Россияга жиддий жавоб қайтариш масаласини муҳокама қилмоқчи

Жамият 3513
image

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари 13 декабрь Брюсселда йиғилиб, Украина, Беларусь, Афғонистон ва бошқа қатор давлат ва минтақалардаги вазиятни муҳокама қилади. Учрашув 16 декабрга белгиланган ЕИ етакчилари саммити олдидан бўлиб ўтади. 

Вазирлар учрашуви кун тартибидан Россия ва Украина чегарасидаги вазият, Беларусдаги жараёнлар, “Толибон” ҳокимият тепасига келганидан кейин Афғонистондаги воқеалар, Афғонистон муаммоси контекстида Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлар, Африка давлатлари билан алоқалар каби масалалар ўрин олган.  

Аввалроқ Европа Иттифоқи Россия Федерациясининг Украина чегараси яқинидаги ҳарбий фаоллиги ошиб бораётгани фонида воқеалар ривожини “хавотир” билан кузатаётганини айтган эди. 

Брюссель Москванинг ҳарбий тажовузи содир бўлган тақдирда АҚШ ва НАТО позициясини қўллаб-қувватлашга тайёр ва Россия Федерациясини “жиддий иқтисодий ва сиёсий чоралар" хусусида огоҳлантирмоқда. 

ЕИ 2014 йилда Россиянинг Қримни аннекция қилиши ва Украина шарқидаги воқеаларга жавобан Москвага қарши қабул қилинган санкциялар ўз самарасини кўрсатганига ишонч билдиради ва Мариуполни россияпараст бўлгинчилар томонидан қўлга киритиш режаси қайта кўриб чиқилганини мисол тариқасида келтирмоқда. 

Аввалроқ, Қўшма Штатлар Россияни банк секторидаги халқаро пул ўтказмалари тизими – SWIFT’дан узиб қўйиш билан таҳдид қилган эди. 

Европа Иттифоқи ҳали Россияга қарши олиниши мумкин бўлган кескин ҳужумларга аниқлик киритмаган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 148
Рейтинг: 3
t
×