ЕИ давлатлари Орбаннинг Россия ва Хитойга борганини танқид қилди
Олам
−
11 Июль
4795Европа Иттифоқи давлатлари Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг Москва ҳамда Пекинга ташрифини танқид қилиб чиқди. Бу ҳақда дипломатик доиралардаги яширин манбаларига таяниб, “Politico” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ЕИ давлатлари элчиларининг учрашуви икки соатдан ортиқ давом этган. Фақат Словакия Орбанга қаратилган танқидларга қўшилмаган.
“Венгриянинг Европа Иттифоқидаги вакили Балинт Одор Брюсселдаги ёпиқ йиғилишда ҳамкасбларининг “мисли кўрилмаган” танқидига дуч келди. Иттифоққа раислик қилаётган мамлакат учун бошқалар томонидан бундай танқидга дучор бўлиш жуда ачинарли ҳолат”, деган Европа Иттифоқининг юқори мартабали дипломатларидан бири нашрга берган интервьюсида.
Манбага кўра, Орбаннинг хатти-ҳаракатлари Европа Иттифоқининг бирлигига путур етказган ҳамда бу ташрифлар ЕИ қоидаларига зид бўлса-да, Венгрия ҳукумати томонидан атайлаб амалга оширилган.
“ЕИ вакиллари Орбанга очиқчасига таҳдид қилди”, дейди Брюсселдаги ёпиқ йиғилишда қатнашган яна бир дипломат.
“Politico” буни расмий Будапешт мезбонлик қиладиган вазирлар учрашувларини бойкот қилишдир, дея ёзган.
“Венгриянинг ЕИ Кенгашидаги раислигини муддатидан олдин тугатиш ёки қисқартириш қийин бўлади, чунки у аллақачон бошланган”, дея қўшимча қилган расмийлардан бири.
Маълумот учун, жорий йилнинг 5 июль куни Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиш мақсадида Москва шаҳрига борди. Орбан ҳатто Путинни “100 фоиз пунктуал шахс” деб атади.
Шунингдек, 8 июль куни Орбан Хитой пойтахти Пекинга борди ва мамлакат раҳбари билан учрашди. Си Цзиньпин Орбан билан учрашуви чоғида Хитой ва Венгрия Украина инқирозини ҳал қилишда умумий тамойилларга эга эканини айтиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Орбан ЕИга Зеленский ва Путин билан учрашувлари ҳақида мактуб ёзгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси