ЕИ Беларусга қарши санкцияларни кенгайтирмоқчи
Олам
−
26 Октябрь 2020
3534Бугун, 26 октябрда Европа парламентидаги энг йирик сиёсий партия – Европа халқ партияси (ЕХП) Беларусга қарши санкцияларнинг иккинчи тўпламига киритилиши керак бўлган шахсларнинг рўйхатини эълон қилди. Бу ҳақда сиёсий уюшма баёнотида маълум қилинди.
Баёнотга кўра, ЕХП гурухи жорий йилнинг 9 августидан бери давом этаётган қийноққа солиш ва намойишчиларга нисбатан зўравонлик содир этишда қўли бор, шунингдек, президентлик сайловларини сохталаштиришга алоқадор, деб ҳисобланган 90 га яқин мансабдор шахсларнинг номи киритилган рўйхат эълон қилган.
Шунингдек, айни пайтда Европа Иттифоқи Беларусга қарши индивидуал санкцияларнинг иккинчи тўплами устида ишламоқда. Унга Президент Александр Лукашенко ҳам киритилиши кутилмоқда. Рўйҳат Европа Иттифоқи мамлакатларининг доимий вакиллари даражасида тузилади, бундай ишларда Европарламент расмий иштироки талаб қилинмайди.
Аввалроқ, 2 октябрда Европа Иттифоқи 40 га яқин Беларусь амалдорларига қарши санкцияларнинг биринчи пакетини жорий қилган ва Лукашенко ушбу рўйхатга киритилмаган эди.
Маълумот учун, Беларусь президентлигига собиқ номзод, мухолифат етакчиси Светлана Тихановская мамлакат раҳбариятига “ультиматум” қўйган эди. Тихановская Лукашенкодан 13 кун ичида истеъфога чиқиш, намойишчиларга куч ишлатишни тўхтатиш ва сиёсий маҳбусларни озод қилишни талаб қилганди. Ҳукумат бу талабларни бажармагач, аҳолини оммавий иш ташлашга чақирди.
Фаррух Муродқулов
LiveБарчаси