Ёдгор Саъдиев янги лавозимга тайинланди

Маданият-санъат 45380
image

Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев Ўзбек миллий академик драма театри директори этиб тайинланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда. 

Айни вақтда театр жамоаси билан йиғилиш ўтказилмоқда. Унда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири – Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков Ёдгор Саъдиевни Ўзбек Миллий академик драма театри директори лавозимига тайинланганини эълон қилган. 

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилдан буён театр директори лавозимида ишлаб келаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Маъсудов жорий йилнинг 30 август куни коронавирус сабаб вафот этган эди. 

Маълумот ўрнида, Ёдгор Саъдиев 1946 йилда Тошкентда таваллуд топган. 

1971 йилда собиқ Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. 1968 йилдан ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри, шунингдек, 1998 йилдан “Қалқон” студиясининг бадиий раҳбари бўлиб ишлаб келаётган эди. 

Саъдиев ижоди ижтимоий, фалсафий ва ғоявий мазмун ила йўғрилган бўлиб, қаҳрамонлар хусусиятини, ижтимоий муҳит билан муносабатларини, ички дунёси ва кечинмаларини психологик ўткир тарзда талқин этиши билан ажралиб туради. Қаҳрамонга драматик хатти-ҳаракат, оҳанг, имо-ишора топа олиши, унинг ички ва ташқи томонини уйғунлаштира олиши билан диққатга сазовор. 

“Мирзо Улуғбек” спектаклидаги Франция элчиси саҳнадаги илк образидир. Карл Морр (“Қароқчилар”), Кочкарев (“Уйланиш”), эртакчи (“Қор маликаси”), Ғофур (“Бой ила хизматчи”), Прометей (“Оловни ташлама, Прометей”), Кичик ўғил (“Ғариблар”), Бобур (“Юлдузли тунлар”),  Климков (“Рўйхатларда йўқ”),  Арслон (“Ойна”), Абдураҳмон (“Меҳробдан чаён”), Филипп (“Рўё”), Аброр Ҳидоятов (“Томоша давом этади”) каби роллари билан машҳур. 

Саъдиев кинода “Дилбарим”да Абдусалом, “Ўн уч терак кўчаси”да Олимжон, “Армон”да Дадабўри, “Енгилмас”да Шайх Жаъфар, 20 қисмли “Шайтанат”да Асадбек роли билан шухрат қозонган. 

“Шайтанат”нинг 7-дан 20-қисмигача Саъдиев режиссёрлик ҳам қилган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1239
Рейтинг: 3.1
t
×