ЕЧЛда ҳафтанинг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогарлар рўйхати эълон қилинди
Спорт
−
10 Март 2022
2961Европа Чемпионлар лигасида ҳафтанинг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогар 4 нафар ўйинчининг номи элон қилинди.
“Реал Мадрид” ҳужумчиси Карим Бензема ПСЖга (3-1) қарши ўйинда хет-трик қайд этиб, юлдузлар билан тўлиб тошган Парижни нимчорак финалдаёқ мусобақадан улоқтириб ташлади. Шубҳасиз, Карим ушбу мавсумда Чемпионлар лигасининг энг яхши футболчиси бўлмоқда. Бензема “Олтин тўп”ни ютмагунча тинчимайдиган кўринади.
“Манчестер Сити” “Спортинг”га (0-0) қарши кечган баҳсда ўзини ортиқча уринтиргани йўқ. Бироқ бу “шаҳарликлар” ярим ҳимоячиси Фернандинёга майдонда тер тўкишга халақит бермади. Натижада, бразилиялик футболчи 89 фоиз аниқ узатма амалга оширди ва 10,74 км масофани босиб ўтди.
“Бавария” биринчи учрашувдаги тасодифий дурангдан сўнг жавоб ўйинида “Залсбург”ни (7-1) “бўлакларга бўлиб ташлади”. Баҳсда мюнхенликлар ҳужумчиси Роберт Левандовски учта гол урди ва битта самарали узатмани амалга оширди. Дарҳақиқат, охирги уч мавсумда Роберт боғда гул терган каби гол урмоқда.
“Интер” “Ливерпуль”га (1-0) қарши иккита ўйинда ҳам ажойиб футбол намойиш қилди. Иккичи баҳсда ҳаттоки гол ҳам ўтказиб юбормади. Бунда миланликлар ҳимоячиси Милан Шкринярнинг хизматлари беқиёс бўлди. Ҳар ҳолда ливерпулликлар таркибида Муҳаммад Салоҳ, Мане, Жота каби топ ҳуҳумчилар бор. Шунингдек, Шкриняр шерикларига берган узатмаларининг 89 фоизи манзилга аниқ етиб борган.
Маълумот ўрнида, ЕЧЛда ҳафтанинг энг яхши футболчиси номи мухлислар томонидан бериладиган овозлар якунига кўра эълон қилинади.
Маъруф Абдумаликов