ЕЧЛ: Марказий баҳс МЮга аталадими ёки “Барселона”га?
Таҳлил
−
15 Апрель 2019
7056Эртадан Европа Чемпионлар лигаси яна қайтади. Ҳар бир тўқнашуви худди финалдек ўтаётган чорак финал баҳсларининг жавоб беллашувлари кутмоқда бизни.
Бу баҳсларнинг илк ўйинларидан сўнг, айрим жуфтликларда фаворитлар маълум бўла бошлаган бўлса ҳам, олдиндан бир нарса дея олмаймиз. Негаки, кимсан “Реал” меҳмонда “Аякс” устидан 2:1 ҳисобида ғалаба билан келган пайт, ўз уйида 1:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўяди деб, кимдир ўйлаганмиди? Шунақа гаплар...
Жавоб баҳсларини сешанба оқшомида “Барселона” – “Манчестер Юнайтед” ва “Ювентус” – “Аякс” ўйинлари бошлаб бериши керак.
Шубҳасиз бу ўйинлар орасида марказий деган номни “Камп Ноу” стадионида бўлиб ўтадиган учрашув ўзиники қилиб олади. Биринчи жуфтликда “Барселона”ни сафарда ғалаба қозона олгани учун ҳозирдан ярим финалга чиқариб қўйиш бироз нотўғри бўлар эди. Сабабини тушуниб турибсиз, чунки “Манчестер Юнайтед” ўз уйида каталонияликларга бор-йўғи 1:0 ҳисобида мағлуб бўлди.
Бор-йўғи дейишимга сабаб, улар ПСЖга “Олд Траффорд”да 2:0 ҳисобида имкониятни бой берган бўлсада, Парижда французларни додини бериб қайтган эди.
Эътибор берсангиз, барча инглиз клублари сафар ўйинларида ҳам яхшироқ ҳаракат қила оладилар. Буни Премьер лиганинг ҳамон энг кучли чемпионат эканлигига юйишимиз мумкин. Чунки АПЛда ҳар бир ўйин ўта шиддатли ва кескинликларга бой ўтади.
Аммо шу ўринда “Барселона”нинг ҳам ким эканлигини унутмаслик лозим. Бундан ташқари, улар бу мавсумда ҳар бир кичик деталларга ҳам эътибор билан қарашмоқда. Ҳеч бир жиҳат кўздан йироқ эмас. Шу сабабдан "Орзулар театри"да кунгил хотиржамлиги учун ҳам ғалаба қозонилди.
Ўтган мавсумда шунчаки беэътиборлик сабаб чорак финалда “Рома”га имкониятни бой бериб қўйган эди. Мен асло ўша “Рома” каталонияликлардан яққол кучсиз эди демоқчи эмасман, лекин “Барса”нинг римликларга йўл бўшатиши шунчаки Эрнисто Валверденинг ўта эҳтиёткорлиги сабаб ЕЧЛни бой берилишига олиб келган эди.
Бу ҳолатни мураббийнинг тажрибасизлиги билан ҳам боғлаш мумкин. Чунки у бундан олдин бундай нуфузли турнирнинг муҳим паллаларида иштирок этиб кўрмаган эдида. У Атлетик билан нари борса нимчорак финалгача етиб борган, холос. Тушининг у ҳаттоки, Европа лигасининг ярим финалида ҳам ўйнаб кўрмаган.
Аммо мураббий билан ҳозир ҳаммаси ўзгарди. У ҳисоб китобни яхши ўзлаштирганлиги ҳар бир учрашувда кўринмоқда. Қайси пайт кучни ташлаш, қайси пайт бироз чекиниш кераклигини жуда яхши билади. Мана охирги ўйинда деярли барча етакчиларни дам олишлари учун шароит яратиб берди. Энди асосий куч сешанба оқшомига ўйинга ташна ҳолда етиб боради.
МЮда эса ҳаммаси бошқача. Жамоа шанба куни жуда мураккаб ўйинни ўтказди. Шунчаки омад туфайли 3 очко қўлга киритилганини, ҳатто, Оле-Гуннар Сульшер ҳам тан олди.
Жамоа премьер лигада ҳеч бўлмаса кучли тўртликка кириш учун жон-жаҳди билан кураш олиб бораяпти. Бу ўринда қолиш учун нақд тўртта жамоа тиш қайраб турганлигини ҳисобга олсак, ҳеч бир ўйинда МЮга осон бўлмайди. Бу паллада “қизил иблислар”нинг адашиб ҳам дурранг ўйнашга ҳақлари йўқ. Акс ҳолда нуфузли турнирда иштирок этиш бахтидан мосуво бўлишлари мумкин.
Биз сиз билан шунчаки жамоаларнинг жавоб баҳсига қадар бўлган ҳолатларини кўриб чиқдик. Аслида эса майдон текис, тўп юмалоқ. Шундай экан баҳс-мунозараларни йиғиштирамизда, қўлни қўлга бериб, сиз билан бир нарсага келишамиз. Келинг шу баҳсни энг кучлиси юта қолсин.