Ваъда унутилди! Эрдўған яна президентликка номзодини қўяди

Олам

image
0:00
0:00
download

Туркиянинг ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси мамлакатнинг амалдаги Президенти Ражаб Тойиб Эрўғанни кейинги сайловларда ушбу лавозимга ўз номзоди сифатида кўрмоқда. Бу ҳақда партия расмий вакили Умар Челик баёнот берди.

Партиямиз позициясига кўра, бўлажак сайловларда президентликка номзодимиз – Президент Тойиб Эрдўған. “Адолат ва тараққиёт” партиясининг барча тузилмалари бу борада қатъий позицияни намоён этмоқда”, дейди у Анқарада марказий ижроия қўмитаси йиғилишидан сўнг журналистлар олдида.

Челик, шунингдек, Эрдўғаннинг яна президентликка номзодини қўйиши зарурлигини айтган Миллатчилик ҳаракати партияси раиси Давлат Боғчалига миннатдорлик билдирди. Унинг қайд этишича, мамлакат ва турк халқи янги асрнинг йўл харитасини белгилайдиган Эрдўғанга жуда муҳтож. 

Туркияда Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Адолат ва Тараққиёт партияси ҳамда Давлат Боғчалининг Миллатчилик ҳаракати партияси расман ягона партия сифатида бирлашмаган – улар ўз мустақиллиги ва алоҳида тузилмасини сақлаб қолган. Бироқ улар йирик сиёсий ва сайловолди иттифоқига бирлашганлар. Бу сиёсий бирлашма “Жумҳур иттифоқи” деб аталади ва унга 2018 йил 20 февралда асос солинган. Альянс Эрдўған номзодини илгари сурмоқда.

Шу муносабат билан Челик таъкидлаганидек, президент альянснинг ягона номзоди эканлиги қатъий иродани акс эттиради ва яна бир бор “Жумҳур иттифоқи”нинг бирлиги ва бирдамлигини кўрсатади.

Туркияда режалаштирилган президентлик ва парламент сайловлари 2028 йил баҳорида бўлиб ўтади. Кетма-кет иккинчи муддат олий давлат лавозимини эгаллаб турган Эрдўғанда бир неча ҳолатда яна ўз номзодини қўйиш имконияти пайдо бўлади. Масалан, агар муддатидан олдин сайловлар эълон қилинса ёки Туркия раҳбарининг бош маслаҳатчиси Меҳмет Учум айтганидек, парламент 2028 йилги сайловларни эртароқ муддатга кўчириш тўғрисида қарор қабул қилса. Бундан ташқари, у республикада иш олиб борилаётган янги конституция қабул қилинган тақдирда президентлик лавозими учун курашиши мумкин.

Маълумот учун, 20 йилдан ошиқ вақтдан бери мамлакат сиёсатининг энг юқори поғоналарида турган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған жорий йилнинг 26 февраль куни 72 ёшга тўлди. У 2003 йилдан 2014 йилгача Бош вазир, 2014 йилдан бошлаб эса Президент сифатида фаолият юритмоқда.

У 2025 йилда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған президентликка яна ўз номзодини қўйиш ниятида эмаслигини айтганди. 

“Мен қайта сайланиш ёки яна президентликка номзодимни қўйиш ниятим йўқ. Биз фақат ўз мамлакатимиз обрўсини оширишни ўйлаймиз. Туркия ўзгармоқда, дунё ўзгармоқда. Биз янги даврда яшаяпмиз. Эски Туркияда давлат тўнтариши пайтида яратилган конституция билан тез ўзгараётган дунёда нимагадир эриша оламиз деб ўйлайсизми? Конституция тўнтаришчилар томонидан эмас, фуқаролар томонидан таклиф қилинган”, деган Эрдўған.

Эрдўған Туркия тарихида халқ томонидан тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан сайланган илк президент ҳисобланади. Унинг ғалаба қозонган сайловлари қуйидагилар:

1-марта (2014 йил 10 август): Эрдўған илк бор президентлик сайловида қатнашиб, 51,79% овоз билан биринчи турдаёқ ғалаба қозонган. Унгача Туркияда президент парламент томонидан сайланар эди.  

2-марта (2018 йил 24 июнь): 2017 йилги Конституциявий референдумдан сўнг мамлакат президентлик бошқарув тизимига ўтди. Янги тизимдаги илк муддатли сайловда у 52,59% овоз тўплаб, яна президент этиб сайланди.  

3-марта (2023 йил 28 май): Мамлакат тарихидаги энг шиддатли сайловлардан бирида, иккинчи тур натижаларига кўра 52,18% овоз билан ғалабани қўлга киритди.  


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг