Японияда кучли зилзила қурбонлари 48 нафарга етди
Олам
−
02 Январь
4680Японияда содир бўлган кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 48 нафарга етди. Бу ҳақда "Kyodo" агентлиги маҳаллий ҳокимиятга таяниб, хабар берди.
7,6 магнитудали зилзила Исикава префектурасидаги Вадзима шаҳрида кенг кўламли вайронагарчилик ва ёнғинларга сабаб бўлди, давом этаётган зилзилалар қутқарув ишларига тўсқинлик қилмоқда.
Шаҳарда етти қаватли бино қулаб тушди, марказий ҳудудда кучли ёнғин содир бўлиб, 200 дан ортиқ биноларни қамраб олган.
Расмийларга кўра, Вадзима шаҳрида вайроналар остида қолган одамлар бўлиши мумкин. Етти жабрланувчи шифохонага ётқизилган.
Зилзила туфайли Ниигата, Тояма, Фукуи ва Гифу префектураларида ҳам вайронагарчиликлар қайд этилган.
Япония денгизи бўйидаги катта ҳудудлар учун бир кун аввал эълон қилинган цунами огоҳлантириши бугун эрталаб бекор қилинди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 январь куни Япониянинг марказий қисмида, Исикава префектурасидаги Ното ярим ороли яқинида 7,6 магнитудали зилзила юз берди.