Японияда коронавируснинг янги штамми аниқланди
Олам
−
11 Январь 2021
5327Японияда коронавируснинг янги штамми аниқланди. У аввал Буюк Британия ва Жанубий Африкада пайдо бўлган коронавируснинг юқумли вариантларига ўхшайди. Бу ҳақда “Kyodo” хабар берган.
Қайд этилишича, вируснинг янги тури Бразилиядан Японияга учиб келган тўрт кишида аниқланган. Япония Ҳукумати бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига хабар берган.
Йўловчилар 2 январь куни Токионинг Ҳанэда аэропортига қўнган. COVID-19 учун тест топширган йўловчиларда мусбат натижа аниқланган.
Журналистларнинг таъкидлашича, уларнинг учтасида иситма, томоқ оғриғи ва нафас қисилиши каби ЎРВИ аломатлари кузатилган.
Тўртинчи йўловчи – 40 ёшли эркакда эса ҳеч қандай аломатлар кузатилмаган. Японияга келганидан бир неча соат ўтиб, эркакда нафас олиш қийинлашган. Шундан сўнг, у шифохонага ётқизилган.
Йўловчиларнинг тест натижалари Япония Миллий юқумли касалликлар институтига олиб келинган.
Мутахассислар уларни текшириб, COVID -19 нинг мутацияланган версиясини аниқлаган.
Таъкидланишича, коронавируснинг янги тури қанчалик юқумли экани ҳақида ҳозирча билиш мумкин эмас. Шунингдек, дунёда яратилган вакциналар унга қарши кураша олиш ёки олмаслиги ҳам номаълум.
Маълумот ўрнида, Японияда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 289 мингдан ошган. 220 мингдан кўп бемор соғайган, 3 минг 850 киши вафот этган.
Маълум бўлишича, Японияда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш 2021 йил февраль ойидан олдин бошланмайди.
LiveБарчаси