Японияда 7,4 балли зилзила бўлди. Қурбонлар бор 

Олам

image

Япония шимоли-шарқида кеча, 16 март куни кечаси кучли зилзила юз берди. Оқибатда 3 киши вафот этди, 194 киши турли даражада жароҳат олди. Бу ҳақда NHK телеканали хабар берган.  

Таъкидланишича, зилзила маҳаллий вақт билан соат 23:36 (Тошкент вақти билан соат 19:36) да содир бўлган. Унинг магнитудаси дастлаб 7,3 деб баҳоланган, кейин эса 7,4 экани айтилган. Зилзила эпицентри Фукусима префектураси қирғоқларида жойлашган бўлиб, океан тубида 57 километр чуқурликда жойлашган.  

Табиий офатдан сўнг дарҳол мамлакатда цунами хавфи эълон қилинган. Баландлиги 20-30 сантиметргача бўлган тўлқинлар Мияги ва Фукусима префектуралари қирғоқларига етиб келган. 

Цунами хавфи маҳаллий вақт билан бугун, 17 март соат 05:00 (Тошкент вақти билан соат 01:00) га қадар бутунлай бекор қилинган. 

17 март соат 09:00 ҳолатига кўра, минтақада магнитудаси 2,5 дан юқори бўлган 20 та зилзила содир бўлган. Ер силкиниши натижасида Мияги префектурасининг Широиши шаҳридаги автомагистрал шикастланган. Мияги префектурасининг Томэ шаҳридаги йўл қопламаси ҳам шикастланган. Фукусима префектурасида турар-жой биноси қулаб тушган. Кучли зилзила минтақада жойлашган атом электр станцияларида фавқулодда вазиятларга олиб келмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония зилзила

Баҳолаганлар

224

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг