Япония осмонида Хитой дронлари кўпайгани айтилмоқда
Олам
−
27 Февраль 2023
9519Япония Мудофаа вазирлиги расмийлари сўнгги йилларда деярли ҳар куни Шарқий Хитой денгизидаги мамлакат ҳаво ҳудуди чегаралари яқинида Хитойнинг учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) пайдо бўлаётганини қайд этган. Бу ҳақда бугун, 27 февраль куни “Yomiuri” газетаси вазирликдаги манбасига таяниб, хабар берди.
Қайд этилишича, Хитой дронларининг Япония ҳаво ҳудудига бир марта бостириб кириши 2017 йилнинг май ойида содир бўлган ва тахминан 5 дақиқа давом этган. Сўнгги йилларда Хитой ҳукумати Япония чегаралари яқинида дронлардан фойдаланишни кучайтирган, шу муносабат билан Япония ҳукумати 2021 йил августидан буён чегарада ҳарбийлар сонини 12 мартага оширган.
Шунингдек, Япония расмийлари мудофаа кучларига мамлакат ҳаво ҳудудини бузган хорижий ҳаво шарлари ва дронларини уриб туширишга рухсат берувчи қонунчиликка ўзгартириш киритмоқчилигини маълум қилган.
Мамлакатнинг мудофаа кучлари фаолиятини тартибга солувчи амалдаги қонунчилик ҳарбийларга хорижий самолётлар томонидан ҳаво ҳудуди бузилган тақдирда уларга ҳамроҳлик қилиш ва Япония ҳудудини тарк этишни талаб қилиш мақсадида қирувчи самолётларни ҳавога кўтариш ҳуқуқини беради. Бироқ қуролдан фақат фавқулодда вазиятларда ва ўзини ҳимоя қилиш учунгина фойдаланишга рухсат берилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Япония Мудофаа вазирлиги текширув натижаларини эълон қилган ва унга кўра, мамлакат ҳаво ҳудудида номаълум учиш аппаратлари – Хитойнинг разведка ҳаво шарлари аниқланган. Бу борада Хитойга расмий баёнот берилган ва жиддий хавотир билдирилганди. Пекин эса Япониянинг бундай айбловлар учун зарур далиллари йўқлигини таъкидлаб, Япония томонига қарши норозилик билдирганди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь