Япония АҚШдан қанотли ракеталар сотиб олишни режалаштирмоқда
Олам
−
27 Февраль 2023
2878Япония ҳукумати АҚШдан 400 тагача Tomahawks қанотли ракеталарини сотиб олмоқчи. Бу ҳақда “Kyodo” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 27 февраль куни мамлакат парламенти қуйи палатаси бюджет комиссияси кенгашида шу масала муҳокама қилинган ва ҳукмрон партия вакиллари томонидан қўллаб-қувватланган. Япония ҳукумати аввалроқ фақат эҳтимолий душман ҳудудига жавоб зарбаси бериш потенциалини қўлга киритиш мақсадида Қўшма Штатлардан Tomahawks ракеталарини сотиб олиш ниятида эканини эълон қилган. Бироқ Вазирлар маҳкамаси вакиллари махфийликни сақлаш зарурлигини баҳона қилиб, ушбу қуролларнинг аниқ сонини маълум қилишдан бош тортган.
Манбага кўра, ракеталарни Япония денгиз флотининг ҳарбий кемаларига жойлаштириш тахминан 2026 йилга мўлжалланган. Қўшма Штатлардан сотиб олинган ракеталарнинг хусусиятлари ҳақида батафсил маълумот берилмаган бўлсада, улар 1,6 дан 2,5 минг км гача бўлган масофани босиб ўта олиши айтилган.
Шу билан бирга, Токио ҳозирда ўзининг 12-тоифа ракеталарини модернизация қилмоқда, уларнинг учиш масофаси минг километрдан ошиши кутилмоқда. Ушбу қуроллар ердаги мобил қурилмалар, шунингдек, кемалар ва самолётлар учун алоҳида версияларда ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Япония ҳудудида кўплаб Хитой дронлари кузатилаётгани сабабли мамлакат ўз ҳарбийлари сонини 12 бараварга оширган эди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси