Япония АҚШ билан 45 минг ҳарбий иштирокида машғулотлар ўтказади
Олам
−
26 Сентябрь
1198Япония АҚШ билан 23 октябрдан бошлаб 10 кун давомида кенг кўламли машғулотлар ўтказади, унда 45 минг аскар иштирок этади. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлигига таяниб, NHK телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, машғулотлари давомида Япония ўзини-ўзи мудофаа кучлари ва АҚШ қуролли кучлари ҳарбий базалари, шунингдек, фуқаролик аэропортлари ва портларидан фойдаланилади. Япония Мудофаа вазирлиги айнан қайси фуқаролик объектлари ҳақида гап кетаётганини очиқламаган. Улар зарурат туғилганда ҳарбий эҳтиёжлар ва эвакуацияда фойдаланилиш учун мўлжалланган 28 та фуқаролик инфратузилмаси объектлари бўлиши мумкин.
NHK телеканали маълумотларига кўра, Кумамото ва Нагасаки аэропортларида биринчи маротаба қирувчи самолётларнинг парвоз ва қўниши бўйича ўқув машғулотлари ўтказилади. Китакюсю аэропортида ўзини-ўзи мудофаа ҳарбий-денгиз кучларининг патруль самолётлари жойлаштирилади. Наҳа аэропортида эса биринчи маротаба қуруқлик кучларининг транспорт самолётлари ва Оспрей конвертоплани учиши режалаштирилган.
Шунингдек, Ҳоккайдодаги Томакомай ва Кусиро портларида ўзини-ўзи мудофаа кучлари ва Америка ҳарбийлари шахсий таркибини ташиш бўйича ҳамда Окинавадаги Исигаки портида денгиз кучларининг кемаларини ёқилғи билан таъминлаш машғулотлари бўлиб ўтади. Нансэй оролларидан (Тайванга энг яқин жойлашган ороллар) жароҳатланган кўплаб одамларни Ҳоншу оролидаги шифохонага етказиш машқлари ҳам режалаштирилган.
Ўқув машғулотларида 33 минг ходим, 30 кема ва 250 та ўзини-ўзи мудофаа самолёти, шунингдек, 12 минг америкалик ҳарбий, 10 кема ва 120 та самолёт иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва Жанубий Корея қўшинлари мудофаани мустаҳкамлашга қаратилган 10 кунлик кенг кўламли машғулотларни бошлагани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси