Япониянинг бўлажак Бош вазири сайланди
Олам
−
27 Сентябрь
2493Япониянинг ҳукмрон Либерал-демократик партияси (ЛДП) бугун, 27 сентябрь куни Сигэру Исибани янги раис этиб сайлади. 1 октябрда парламент томонидан тасдиқлангач, у мамлакатнинг янги Бош вазири бўлади.
Овоз бериш икки турда ўтказилди, чунки тўққиз нафар номзоднинг ҳеч бири кўпчилик овозини тўплай олмаган. Биринчи турда Иcиба 154 овоз олиб, Санаэ Такаити билан иккинчи босқичга чиқди. Иккинчи турда эса сиёсатчи 215 овоз олди.
"Мен халқимизга ишонаман, ҳақиқатни дадил ва самимий гапираман ва Японияни ҳамма яна табассум билан яшаши мумкин бўлган хавфсиз мамлакатга айлантириш учун бор кучимни сарфлайман", деди сиёсатчи сайланганидан кейин.
Аксарият рақибларидан фарқли ўлароқ, Иcиба Япония парламенти қуйи палатасига муддатидан олдин сайловлар ўтказишга ваъда бермади ва қонун чиқарувчи органни зудлик билан тарқатиб юбориш заруратини кўрмаётганини айтди. Режалаштирилган сайловлар 2025 йилнинг октябригача ўтказилиши керак.
ЛДП раиси учун жорий сайловлар Иcиба учун аллақачон бешинчи сайловдир – бунгача у 2008, 2012, 2018 ва 2020 йилларда муваффақиятсиз иштирок этган. Ҳар сафар сиёсатчи Япония аҳолиси орасида энг машҳур номзодлардан бири бўлган, бироқ у ўз партиядошлари орасида етарлича қўллаб-қувватланмаган. Жорий сайловларга тайёргарлик кўриш чоғида у бу унинг сўнгги уриниши бўлишини ваъда қилди.
Амалдаги Бош вазир Фумио Кисида ўзининг раҳбарлик қилган йиллари давомида ЛДПни ларзага келтирган кўплаб можаролар (партиянинг Жанубий Кореядан келган тоталитар секта – Бирлаштириш черкови билан алоқалари ошкор бўлишидан тортиб, партия тарафдорларининг шахсий хайрияларини партия фракциялари томонидан ўзлаштирилишигача) туфайли сайловларда иштирок этишдан бош тортди. Август ойида Кисида ҳукумат раҳбари лавозимидан кетишини эълон қилган эди.
Ҳарбий иштиёқ
Сигэру Исиба ЛДПдаги энг тажрибали сиёсатчилардан бири бўлиб, бир неча давлат лавозимларида ишлаган: Мудофаа вазири (2007-2008), Қишлоқ хўжалиги вазири (2008-2009) ва Аҳоли сонининг қисқаришига қарши курашиш ва маҳаллий иқтисодиётни жонлантириш вазири (2014- 2016).
1979 йилда Сигэру Исиба Токиодаги нуфузли Кеио университетини тамомлаб, Мицуи банкида ишлай бошлади, бироқ тўрт йилдан сўнг у сиёсатга кириб, ЛДП фракцияларидан бирига котиб сифатда иш бошлайди. 1990 йиллардан бошлаб сиёсатчи мудофаа масалалари билан фаол шуғуллана бошлади ва ўзига "ҳарбий ишларга берилиб кетган" лақабини олди. У доимий равишда Япониянинг ўзини-ўзи мудофаа кучларидан фойдаланишни кенгайтириш ва урушдан кейинги Конституциянинг тинчлантирувчи қоидаларини қайта кўриб чиқишни тарғиб қилди ва шу билан ўзини "лочин" сифатида обрўга эга бўлди.
2002 йилдан 2004 йилгача Иcиба Миллий мудофаа агентлигини бошқарган ва Япония ўзини ўзи мудофаа қилиш кучларини ўзгартиришдаги асосий шахслардан бирига айланди. Расмий биринчи япон разведка сунъий йўлдошининг муваффақиятли учирилиши ва SM-3 Block IIA баллистик ракеталарининг АҚШ билан биргаликда ишлаб чиқилишига раҳбарлик қилди, шунингдек, 2003 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг рухсатисиз япон ҳарбий хизматчиларининг биринчи марта чет элга – Ироққа юборилишига ҳисса қўшган.
LiveБарчаси