Янги “ядро бомбаси”. У чўнтагимизда “портлаши” мумкин

Таҳлил

1980 йиллардан бошлаб дунёда интернетнинг оммалашуви бир неча йил ичида геосиёсий об-ҳавога таъсир ўтказа бошлади. Бу эса тез орада можаролар луғатида янги – ахборот уруши атамасининг вужудга келишига асос бўлди. 2000 йилларда кўплаб ижтимоий тармоқларнинг яратилиши, ахборот алмашинувининг жадаллашуви ва ҳар бир шахс ахборот маркази бўла олиш имкониятининг вужудга келиши билан онлайн дунё ростманасига сиёсий ва ҳарбий қуролга айланди. XXI асрда бутун бошли фуқаролик жамиятларини манипуляция қилиш, дезинформацион операциялар уюштириш ва ғаразли мақсадларни амалга оширишда пропагандадан фойдаланиш янада осонлашди. Телевидение, медиа майдон ва ундаги турли платформаларда мавжуд бўлган имкониятлар тўлалигича ишга солинди. Хавотирлиси шуки, бу жараён айни дамда давомли тарзда амалга ошириб келинмоқда ва унинг келажакда янада такомиллашуви ҳақидаги инсайдлар етарлича. Россия томонидан қўллаб-қувватланган Медведчукнинг Украинадаги бузғунчи телеканаллари, Кремлнинг бир қанча шовинистик медиа маҳсулотлари, Қўшма Штатларнинг интернет оламидаги чек-чегарасиз куч-қудрати ва ўтган даврлар давомида ундан қандай фойдалангани ҳамда келажакдаги эҳтимолий режалари шулар жумласидандир. Дунё чуқур инқирозни бошдан кечирган COVID-19 пандемияси даврида Пентагон томонидан Хитой вакцинасига қарши олиб борилган антивакцина операцияси эса алоҳида мавзу. Шу жумладан, яқин фурсатларда сунъий интеллект иштирокида ишга солиниши тахмин қилинаётган инсондан фарқ қилмайдиган “deep fake” ҳам бўлажак потенциал хавфдир. Қуйида интернет тармоқларида қилинган шундай хавфли сиёсий лойиҳалар ва келажакда ҳар бир давлат билан содир бўлиши мумкин бўлган хатарлар ҳақида сўз юритилади.

АҚШнинг Марказий Осиёдаги “антивакцина операцияси”

Дунёдаги икки йирик гигант – Хитой ва АҚШ ўртасида иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий қарама-қаршиликлар сафида яна бир кураш майдони – ахборот уруши анча йиллардан буён авжига чиққани ҳеч кимга сир эмас. Бу жараён асосан Дональд Трампнинг дастлабки президентлик мандати даврида янада кучайганди. Икки ўртадаги можаронинг кескинлашуви 2020 йилнинг март ойида Хитой ҳукумати расмийлари коронавирусни Хитойга биринчи марта 2019 йили Ухандаги халқаро ҳарбий спорт мусобақасида қатнашган америкалик ҳарбий хизматчи ўзи билан олиб келган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги даъвоси ортидан бошланди. Хитой расмийлари вирус Мэриленд штатининг Форт-Детрик шаҳридаги АҚШ армиясининг тадқиқот марказида пайдо бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида бирон бир далилга асосланмаган тахминни илгари сурди.

АҚШ Адлия вазирлиги эса ўша пайт Форт-Детрик номли мазкур фитнани тарғиб қилиш учун Хитой разведка ходимлари сохта ижтимоий тармоқ аккаунтларини ташкил қилганини даъво қилди. Ҳаммаси шундан бошланганди.

Ушбу можародан 4 йил ўтиб, жорий 2024 йилда “Reuters” ахборот агентлиги суриштируви Хитой томонидан Қўшма Штатларга нисбатан қилинган туҳмат чин ўлкасида ишлаб чиқарилган вакциналар ва дунёдаги қатор минтақаларга қанчалик қимматга тушгани ҳақидаги ҳақиқатларни юзага чиқарди. Унга кўра, жараён Хитой томонидан АҚШга қилинган ахборот хуружига худди шу шаклда жавоб қайтаришга қарор қилинганидан бошланган. 2020 йил баҳорида Трамп давридаги Пентагон раҳбари Марк Эспер буйруғига биноан, ўша пайтда АҚШнинг Тинч океани армияси қўмондони ўринбосари бўлган ва айни дамдаги махсус кучлар қўмондони Жонатан Брага Хитойга қарши операцияни амалга оширишга киришади. У Филадельфияда жойлашган Тампа шаҳридаги MacDill ҳаво кучлари базасини Хитойга қарши тарғибот уюштириш учун яширин объектга айлантиради. Бу ерда ҳарбий хизматчилар ва мазкур операцияга жалб қилинган пудратчилар Twitter, Facebook ва бошқа ижтимоий тармоқларда юзлаб сохта аноним аккаунтлар очади. Улар ушбу сохта “user”лар орқали Хитойнинг яқин кунларда синовлари бошланадиган коронавирусга қарши илк вакцинасини обрўсизлантиришга қаратилган фейкларни сиздиришни бошлайди. Бу орқали тез орада Хитой томонидан етказиб бериладиган вакциналар ва бошқа ҳимоя воситаларининг хавфсизлиги ва самарадорлигига шубҳа уйғотиш мақсад қилинганди. Аммо бу шунчаки қасос олиш эмас, балки коронавирус шароитида расмий Пекиннинг саъй-ҳаракатлари туфайли дунёнинг турли минтақаларида Хитой таъсирининг ошиб кетишига қарши қаратилган махсус операция эди. Чунки Хитой бу пайтга келиб, вирусга қарши ниқоблардан тортиб, бошқа қатор ускуналаргача гуманитар ёрдам сифатида дунё мамлакатларига етказиб беришни жадал йўлга қўйган ва ҳатто бу ўзига хос COVID-19 дипломатиясига ҳам айланиб кетганди.

Пентагоннинг антивацсина операцияси Хитойнинг Sinovac номли вакцинасининг илк клиник синовлари бошланиши билан деярли бир вақтда, аниқроғи 2020 йилнинг март-апрель ойларида старт олди. АҚШ ҳарбийлари бу миссия ичида Ер юзидаги учта минтақани нишонга олади. Булар Жануби-шарқий Осиё, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё каби ҳудудлар эди. Улар ҳар бир ҳудудга шу ердаги шарт-шароит ва қадриятлардан келиб чиққан ҳолда ёндашди ва бу усул яхшигина иш берди.

Дастлаб, энг асосий куч Жануби-шарқий Осиёга, жумладан Филиппинга ташланди. Тармоқларда яратилган сохта аккаунтлар филиппинликларнинг нозик нуқтасига зарба берди. Аниқроқ қилиб айтганда, Хитой ва Филиппин ўртасида Жанубий Хитой денгизидаги узоқ йиллик ҳудудий келишмовчиликлар бунда айни муддао бўлиб, Филиппин аҳолисида Хитойга қарши кайфият уйғотиш унчалик қийин бўлмаслиги тайин эди. Пентагон томонидан яратилган саҳифаларда ёзилган хабарларнинг мазмуни асосан битта нуқтага – Хитой вакциналарига ишончсизлик уйғотишга қаратилганди. Улар “вируснинг Хитойдан чиққани, унга қарши вакцина ҳам айнан шу ердан келаётгани шубҳали эмасми?” деган хулосага етаклайдиган гумонларга йўғрилади. Бундан ташқари, Хитойдан келадиган ниқоблар ва вирусга қарши мўлжалланган бошқа жиҳозларнинг самарасизлиги ва шунга ўхшаш ёлғон хабарлар ҳам тармоқларда узлуксиз тарзда сиздириб борилади. АҚШ ҳарбий мулозимлари Хитойнинг COVID дипломатияси бошқа Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари, хусусан, Камбоджа ва Малайзияни Пекинга яқинлаштиришидан ҳам қаттиқ хавотирда эди. Аммо уларнинг бундай ташвиқоти асосан Филиппинга йўналтирилишининг жиддий сабаби мавжуд эди. Негаки, Қўшма Штатлар ва Филиппин ўртасидаги муносабатлар 2016 йилда Родриго Дутертенинг ҳокимият тепасига келганидан сўнг ёмонлаша бошлаган, янги раҳбар Қўшма Штатларнинг ашаддий танқидчиси бўлиб, мамлакатда жойлашган Америка қўшинлари устидан АҚШнинг қонуний юрисдикциясини бекор қилиш билан таҳдид қилганди. Пандемия эса Дутертени Хитойга яқинлаштира бошлаши Оқ уйни янада жиддий хавотирга солди. Пентагоннинг мазкур дезинформация компанияси эса филиппинлар орасида ростдан ҳам Хитой вакциналарига нисбатан маълум даражада ишончсизлик ва қўрқув уйғота олгани кейинчалик ўз тасдиғини топа бошлади. Чунки АҚШ ташвиқотларидан сўнг Филиппиннинг ўша пайтдаги президенти Родриго Дутерте вирусга қарши эмланишни хоҳловчи филиппинликлар сони жуда камлигидан чуқур хавотир билдирган. У ҳатто 2021 йил июнь ойида халққа қилган телемурожаатида вакцина олишни рад этган фуқароларни қамоққа ташлаш билан қўрқитиш даражасигача чиққан. Чунки Филиппинда ўша пайтда мавжуд бўлган 114 миллион аҳолидан бор-йўғи 2 миллионигина тўлиқ эмланганди. 2021 йилнинг ёзида вирусга чалиниш ҳолатлари 1,3 миллиондан ошган, бунинг оқибатида ҳалок бўлганлар эса 24 минг кишини ташкил қиларди. Мамлакатда асосан Хитой вакцинаси мавжуд бўлиб, бу вакцинага нисбатан ишончсиз бўлган аҳолини эмлашдаги қийинчилик Филиппинни Жануби-шарқий Осиё давлатлари орасида коронавирусдан ўлиш бўйича энг ёмон кўрсаткичларни қайд этишига олиб келди. “Reuters” текшируви давомида ўзи билан боғланган баъзи Филиппин соғлиқни сақлаш мутахассислари ва собиқ амалдорлар АҚШнинг ижтимоий тармоқлардаги антивакцина операцияси ўша пайтда кўплаб фуқароларни манипуляция қилиб улгурганини таъкидлаган.

Пентагоннинг мазкур дезинформация лойиҳаси фақат Филиппин билан чекланиб қолмади. 2020 баҳорида Жануби-шарқий Осиёда бошланган психологик операция ўша йилнинг ёзида янги минтақаларга ҳам кўчди. АҚШ ҳарбийларининг навбатдаги ўлжаси Марказий Осиё ва Яқин Шарқ эди. Бу икки минтақага улар бошқача стратегия билан ёндашган ҳолда вирус ва Хитой вакцинаси атрофидаги мавзуга диний тус бериш йўлидан борди. Мақсад ижтимоий тармоқлардаги сохта аккаунтлар орқали Хитой вакциналари таркибида чўчқа желатини мавжуд деган хабарларни тарқатиб, интернет фойдаланувчилари орасидаги мусулмон сегментини саросимага солиш эди. Яқин Шарқ учун очилган сохта аккаунтлар араб тилида, Марказий Осиё учун мўлжалланганлари эса рус тилида хабарлар тарқата бошлайди. Марказий Осиёни нишонга олган ҳарбийлар томонидан яратилган мемлардан бирида Хитой байроғи ҳижобли мусулмон аёллар ва вакцина шприцлари қадалган чўчқаларни ажратиб турадиган парда сифатида кўрсатилган. “Reuters” бу хабар Марказий Осиёни, жумладан Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонни нишонга олганини иддао қилди. Бир вақтнинг ўзида юзлаб сохта аккаунтлар орқали шундай турдаги хабар ва карикатуралар тарқатилади. Масалан, собиқ Twitter платформасида қолдирилган қуйидаги твитлар Марказий Осиё ва Яқин Шарқ қандай ва қай шаклда нишонга олинганини яққол очиқлайди.

“Ўз вакцинасида чўчқа гўшти желатини борлигини яширишга уринаётган ва уни Марказий Осиё ва кўпчилик бундай дори ҳаром деб ҳисоблайдиган бошқа мусулмон мамлакатларида тарқатаётган Хитойга ишониш мумкинми?” Мумбайдаги Раза академияси мусулмон олимлари Хитойнинг коронавирусга қарши вакцинаси таркибида чўчқа гўштидан олинган желатин борлиги ва ҳаром вакцина билан эмлашдан сақланиш тавсия этилгани ҳақида хабар берди. Хитой бу дори айнан нимадан тайёрланганини яширади, бу эса мусулмонлар орасида ишончсизликни келтириб чиқаради”.

Шундай қилиб, АҚШ армиясининг антивакцина операцияси 2020 йил баҳоридан то 2021 йил ўрталарига қадар давом этган. Қизиғи шундаки, Пентагон ўз хабарларини Facebook ва Instagram тармоқларида яширинча тарқатиши давомида Meta бош компаниясининг назоратчилари эътиборини тортади. Facebook раҳбарлари илк бор 2020 йилнинг ёзида Пентагонга мурожаат қилиб, Facebook ишчилари АҚШ ҳарбийларининг сохта аккаунтларини осонгина аниқлаганини билдиради ва бу компания сиёсатига тўғри келмаслигини айтади. Аммо Қўшма Штатларнинг ҳарбий мулозимлари сохта аккаунтлар терроризмга қарши курашда фойдаланилаётганини таъкидлаб, Facebook’дан ушбу постларни ўчириб ташламасликни сўрайди. Мазкур лойиҳа собиқ президент Дональд Трамп даврида бошланиб, 2021 йилда Жо Байден президентлиги мандатининг илк ойларида ҳам маълум вақт давом этди. Бироқ, ниҳоят, Байден 2021 йилнинг баҳорида бошқа рақиблар томонидан ишлаб чиқарилган вакциналарга қарши курашни тақиқловчи фармон чиқарганидан сўнг бу ташвиқот якунланади.

2024 йилга келиб, “Reuters” томонидан ўтказилган суриштирувда Пентагоннинг ижтимоий тармоқларда Хитойга қарши уюштирган дезинформация кампаниясига доир бир қатор далиллар очиқланди. Унга кўра, собиқ Twitter платформасида Филиппиндаги тармоқ “user”ларига таъсир ўтказишда фойдаланган 300 та, бошқа минтақалар учун мўлжалланган 150 га яқин сохта аккаунтлар яратилган. Бундай аккаунтлар Facebook ва Instagramда ҳам мавжуд бўлган ва уларнинг деярли барчаси 2020 йил баҳор ва ёз ойларида ишга туширилган. “Reuters”нинг билдиришича, АҚШ ҳарбийлари томонидан фойдаланиладиган сохта аккаунтлар бутун махсус операция давомида ўн минглаб обуначиларга эга бўлиб, улар Пентагон пудратчилари томонидан бошқарилган. АҚШ Марказий қўмондонлигига бу ишда хизмат кўрсатган асосий пудратчи эса General Dynamics IT компанияси эканлиги айтилади. Текширувларга кўра, айнан уларнинг хатоси туфайли ижтимоий тармоқ раҳбарлари сохта аккаунтларнинг келиб чиқишини осонгина аниқлаган.

Сизни қандай “рақсга туширишлари” мумкин?

Юқорида сўз юритилган воқелик Пентагон томонидан амалга оширилган махсус операция “психологик урушлар” ва зиддиятли даврнинг авж олганидан далолат беради. Қудратли ташқи кучлар исталган пайтда мана шундай “психологик тажовуз”ларни амалга ошира олиши мумкин. Бу соҳада нафақат АҚШ, балки Хитой ва Россиянинг ҳам тажрибаси яхшигина шаклланган. COVID-19 пайтида Қўшма Штатлар ҳарбийлари томонидан ижтимоий тармоқлардаги сохта аккаунтлар орқали Хитой вакциналарига қарши уюштирган кенг кўламли дезинформация компанияси аллақачон энг содда ва оддий усулга айланиб бўлган. Ҳақиқатдан йироқ бўлган чалғитувчи хабарлар билан олиб бориладиган ахборот уруши ривожланган пайтда сохта аккаунтлар билан “жанг” қилиш урфдан қолиб бўлди.

Аммо шу содда услуб энди фойда бермайди ва бунинг таъсири жуда паст дейишга ҳали анча эрта. Тармоқ фойдаланувчиларида “fact-checking” қобилияти шаклланмаган, давлат ахборот сиёсатида цензура кучли ва бунинг оқибатида тезкор, тун-у-кун ишлайдиган мустақил ОАВлар саноқли бўлган жамиятларда беқарорлик келтириб чиқариш учун пентагонча усулни қўллашнинг ўзи етиб ортиши ҳеч гап эмас. Мантиқ инсонни А нуқтадан Б нуқтага етказади, аммо тасаввур сизни ҳамма жойга етказади деганларидек, келинг тасаввурни ишга солган ҳолда бу каби режалар қандай қилиб амалга оширилиши мумкинлигини кўриб чиқамиз.

Сиёсий беқарорлик ва турли тартибсизликлар уюштириш учун бир неча йил талаб этилади. Бу йиллар эса бир қатор тармоқлар, жумладан, Facebook, собиқ Twitter, яъни ҳозирги X ва Instagram каби платформаларда шубҳали кўринмаслик учун турли йилларда, ҳар хил муддатларда янги аккаунтларни ишга тушириш ва операция уюштириш кўзланган мамлакатдаги ички ва ташқи сиёсий муҳитни ўрганиш учун сарфланиши мумкин. Ушбу сохта аккаунтлар нишондаги давлат аҳолиси ва унга таъсир ўтказишга қодир бўлган миқдорда, дейлик бир неча юздан минггача, ҳатто ундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Дастлаб, мазкур сохта аккаунтларнинг барчаси Пентагон каби ягона базадан бошқарилади. Улар одатий фаолият юритиши, саҳифага кунлик ҳикоялар ёки ора-чорада постлар қўйиб бориши мумкин. Буларнинг барчаси аккаунтнинг сохталигини яшириш ва унинг ортида оддий одам тургандек таассурот қолдириш учун қилинади. Шундай қилиб, аҳоли орасида тартибсизлик келтириб чиқариш мақсадида мамлакатнинг ички муаммолари, бу орқали қийналаётган халқнинг энг оғриқли нуқтаси нишонга олинади. Масалан, қиш пайти мамлакат энергетик инқироз ёқасига келиб қолган, иситиш тизими абгор аҳволда бўлиб, ҳукумат на саноат ва на халқ истеъмоли учун зарур бўлган таъминотни таъминлай олмаётган маҳалда анча олдин ишга туширилган сохта аккаунтлар ўз ишини бошлаши мумкин.

Айни шундай хабарлар фонида қиш пайти табиий ресурсларнинг ички бозордаги тақчиллиги туфайли ёқилғи қуйиш шохобчаларида узундан узун, ҳатто бир неча километрларгача чўзилган навбатларни ҳосил қилган автомобиль эгаларининг бир жойда табиий тарзда йиғилиб қолиши ёки бешикда ётган гўдаги совуқдан зир титраётганидан ғазаб отига минган оталарнинг “электросет” атрофида тўпланиши катта ёнғин учун дастлабки учқун вазифасини ўташ эҳтимоли йўқ эмас. Ташқи кучлар аҳолини шу тарзда оёққа турғизиш ва мамлакатда сиёсий буҳронларни келтириб чиқаришдан манфаатдор бўлиши мумкин. Бу орқали эса намойишларни турли йўллар билан бостиришга уринган ҳукуматнинг дунё ҳамжамияти, хусусан, Ғарб олдида обрўсизлантириш орқали, уларнинг санкцияларига дучор этиш кўзланади. Якунда эса бу иш орқасида турганлар демократик ҳамжамиятлар томонидан турли соҳаларда изоляция қилинган ушбу мамлакат учун ягона чиқиш эшиги сифатида эса ўзини таклиф қилади. Нотенг шартномалар, асоссиз мажбуриятлар, босимлар ва бошқа шунга ўхшаш тузоқлар ана ўшанда бошланади.

Аслида бундай кескинликлар замон ва макон танламайди. Шундай экан, ахборот майдонида шу каби хуружларга қарши шай туриш, унга алданмаслик ва ташқи кучларнинг ноғорасига ўйнамаслик бугун барчанинг зиммасидаги вазифага айланиб улгурди. Албатта, бунга қарши туриши лозим бўлган энг катта куч давлатларнинг ахборот сиёсатига масъул бўлган тузилмалар ва шахслардир. Давлат ташкилотлари ва қатор ваколатли органларнинг матбуот котиблари доим ҳушёр бўлиши, кўпчиликни қамраб олган мустақил ОАВларга узлуксиз тарзда ваколати доирасида маълумотлар етказиши лозим бўлган пайт аллақачон келди. Чунки расмий ахборот ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида дезинформацияга нисбатан тез айланиши лозим. Фақат шундагина ўта ҳалокатли ахборот хуружларига қарши тура олиш мумкин.

Сунъий интеллект аралашуви вазиятни янада мураккаблаштиради

Қудратли ташқи кучлар учун сохта аккаунтлар тажрибаси анча эскириб улгурган. Улар аллақачон бу борада илғор технологияга ўтишни бошлаб юборганининг эҳтимоли юқори. Чунки сўнгги хабарлар АҚШ ва Хитой каби ҳарбий ва технологик жиҳатдан қолганлардан ажралиб турувчи ўйинчилар ахборот майдонидаги “психологик уруш”да сунъий интеллектга мурожаат қилаётганини очиқлайди.

Хусусан, сўнгги бир неча йил ичида Хитой сунъий интеллектга катта сармоя киритди ва 2030 йилга келиб бу соҳада дунёда етакчи бўлишни ва кейинчалик уни ҳарбий мақсадларда фаол реализация қилишни кўзлаётгани айтилади. Масалан, Тайван Миллий хавфсизлик бюросининг бош директори Тсай Минг-ен Хитой аллақачон сунъий интеллект орқали “deep fake”ларнинг улкан базасини яратиш ва бундан оролни беқарорлаштиришда фойдаланиш эҳтимоли ошиб бораётгани ҳақида баёнот бериб чиққан.

“Deep fake” эса бу кўпчиликка таниш бўлган синтетик ишланма бўлиб, унда одамнинг юзи ёки овози бошқа одамнинг ҳаракатлари билан алмаштирилади. Шу пайтгача турли мақсадларда, масалан, таниқли шахслар устига ахлоқсиз тасвирлар кийдириш каби ҳолатларда қўлланилган “deep fake” эндиликда ижтимоий тармоқларда сохта янгиликлар ёки нотўғри маълумотларни тарқатишда кенг миқёсда фойдаланилиши кутилмоқда. Масалан, Хитой чегара ҳудудларда Ҳиндистондан турли овоз намуналари тўплаётгани ҳақида даъволар мавжуд. Айтилишича, маҳаллий аҳоли олдиндан ёзилган сўзлар, иборалар ёки суҳбатларни ёзиб олиш учун ёлланган, улар томонидан тўпланган намуналар Хитойда жойлашган серверларга ўтказилиши иддао қилинган. Ушбу маълумотларни йиғишнинг аниқ мақсади номаълум бўлса-да, улар “deep fake” томонидан амалга ошириладиган дезинформация кампанияларига ишора қилади. Кўпчилик бундай шубҳалар ортидан Ҳиндистон ҳукумати ҳушёр тортиши ва ҳар қандай хавфга тайёр туриши лозимлигини таъкидлайди.

“Deep fake”нинг яққол намоён бўлган илк таъсири Россия-Украина можаросида юзага чиқди. 2022 йил март ойида Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг ўз қўшинларидан таслим бўлишни сўраган сохта видеоси тарқалди. Бироқ видеонинг мураккаблик даражаси ва сифати жуда паст бўлгани боис, унинг “deep fake” эканини илғаш унчалик қийин бўлмаган. Худди шундай, Россия Президенти Владимир Путиннинг ўз қўшинларини қуролларини ташлаб, уйига боришга чақирган сохта видеоси ҳам Х тармоғида кенг тарқалганди. Тезкор ва ишончли хабарлар мавжуд бўлмаган шароитда бундай “deep fake”лар икки томоннинг ҳам фуқаролари орасида тартибсизликни келтириб чиқариши ва  ҳарбий ҳаракатлар атрофида чалкашлик ҳамда ноаниқликларни кўпайтириши турган гап эди.

Путин ва Зеленскийнинг “deep fake” тасвирлари инсонни зийракликка чорламай қолмайди. Бир мамлакатнинг иккинчисига босқини давом этаётган пайтда томонлар бундай нозик қуролдан фойдаланган экан, демак мазкур ҳолат ер юзининг исталган қисмида, исталган вақтда яна синовдан ўтказилиш эҳтимоли йўқ эмас. Яқин Шарқ, Шарқий Европа, Корея яримороли, Тайван бўғозидаги можаролар ва Марказий Осиёда ҳали тўлиқ ҳал қилинмаган “Толибон” масаласи бор экан, бу ҳудудлар “deep fake” учун полигонга айланиши мумкин. Сунъий интеллект “deep fake”ни борган сари қувватлантириб бораётган замонда дунё сиёсатида ўзига яраша ўрни бор ҳар қандай шахснинг тармоқларда тўсатдан вирус каби тарқалиши мумкин бўлган сохта видео тасвирларига зудлик билан таъсирчан жавоб қайтармаслик, бу борада расмий ахборот доираларидан изоҳ кутиш лозим.

Бундан ташқари, бундай махфий операцияларда улкан тажрибага эга Пентагон ҳам ўзининг бу борадаги салоҳиятини кучайтиришга амалий қадамлар ташлагани ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади. “Intercept” томонидан қўлга киритилган сирли ҳужжатда Америка Қўшма Штатларининг махфий махсус операциялар қўмондонлиги “deep fake” интернет фойдаланувчиларини яратишда ёрдам берадиган компанияларни қидираётгани ва улар ҳақиқий одамлардан фарқ қилмайдиган сохта онлайн шахсларни ишлаб чиқариш ҳаракатига тушгани очиқланган. Ҳужжатга кўра, АҚШ мудофаа доиралари сохталигини одамлар ҳам, компьютерлар ҳам аниқлай олмайдиган “deep fake” фойдаланувчилар базасини яратишга умид боғлаган. АҚШнинг Қўшма махсус операциялар қўмондонлиги томонидан 76 саҳифали режасида мамлакатнинг энг элита, яширин ҳарбий ҳаракатлари учун зарур бўлган илғор технологиялар кўрсатилган бўлиб, инсон сифатида таниладиган, аммо ҳақиқий дунёда мавжуд бўлмаган ноёб шахс бўлиб кўринадиган сохта онлайн “user”лар, яъни “deep fake” аккаунтлар яратиш кўзда тутилган. Бу эса COVID-19 даврида Хитой вакциналарига қарши олиб борилган “психологик уруш”да фойдаланилган сохта аккаунтлардан тубдан фарқ қилган ҳолда, АҚШ ҳарбийларига эндиликда қуруқ ёзма постлар билан эмас, балки жонли тасвир ва аудиога эга сохта шахслар билан ахборот урушига киришга имкон беради.

“Intercept” маълумотларига кўра, Қўшма махсус операциялар қўмондонлиги ушбу сохта одамлар ҳатто “selfie video” яратиш қобилиятига эга бўлишига умид қилмоқда. Пентагон учун бундай имкониятни тақдим қилиши мумкин бўлган эҳтимолий ҳамкор номини ҳам тахмин қилиш мумкин. Бу ўша антивакцина операциясида ишлаган пудратчи – General Dynamics IT компанияси бўлиши мумкин. Чунки “Reuters” текширувига кўра, жорий йил февраль ойида General Dynamics IT 493 миллион долларлик шартномани қўлга киритган ва кўп эҳтимол мазкур компания АҚШ ҳарбийларига яширин хизматлар кўрсатишда давом этиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп “антивакцина операцияси” Хитой ва АҚШ “Deep fake”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made