Янги Тошкентдаги ер участкалари аукционга қўйилади

Жамият

image

Янги Тошкент шаҳридаги ер участкалари “E-auksion” орқали сотилади ёки ижарага берилади. Бу кеча, 20 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган.

Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат муассасаси шаклида Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси ташкил этилади.

Шунга кўра, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари – Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси директори лавозими жорий этилади.

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш, шу жумладан, кўп квартирали уйлар, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш учун ер участкалари мувофиқлаштирувчи кенгашнинг қарорига мувофиқ “E-auksion” электрон платформаси орқали аукцион савдоларида сотилади ёки ижарага берилади.

Қарорга мувофиқ, 2027 йил 1 январгача дирекция, инвесторлар, бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб келинадиган қурилиш техникаси, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар учун божхона божи тўлашдан озод қилинади.

Маълумот учун, Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш мақсадида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан жами 19729,4 гектар ер майдони ажратилмоқда. Шундан 12905,7 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари ва 6823,7 гектар бошқа ер тоифасига киради.


Мақола муаллифи

Теглар

аукцион Янги Тошкент

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг